КУТУБХОНАЛАР ИШИДА ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАР

Маълумки, анъанавий умумтаълим мактаблари кутубхоналари ўз фаолияти билан ўқувчиларнинг тарбияси ва умумий ривожланишларига ёрдам бериш учун хизмат қилади, шу мақсадда турли оммавий тадбирлар ишлаб чиқилади ва ўтказилади. Кейинги йилларда ахборот-коммуникация технологиялари мазкур йўналишдаги ишларни нафақат янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришга, балки янги шаклларни жорий этишга ҳам имкон яратиб бермоқда. Кутубхоначилар олдида турган жиддий муаммолардан бири  бу айрим замонавий ўқувчи-болалар ва ўсмирлар китоб ўқишни хоҳламасликлари ва қизиқмасликларидир.

Ушбу муаммонинг мазмун-моҳияти шундаки, ахборот технологиялари анъанавий ахборот манбаларининг рақобатчисига айланди. Бироқ ҳақиқий ҳаётда замонавий ахборот технологиялари китоб ва ахборотларни ўқишга қизиқишни кучайтиришнинг муҳим омилига айланиши ҳам мумкин. Улардан ўқувчилар билан оммавий ҳолда ҳам, якка тартибда ишлашда ҳам самарали фойдаланиши мумкин. Ўқувчилар билан мазкур йўналишдаги ишларни олиб боришда энг истиқболли йўналишлардан бири тармоқ интерактив технологияларидан фойдаланиш. Ахборот ресурсларини, бадиий ва илмий ўқув адабиётларга қизиқишни оширишда, жумладан, википедиялар, блоглар, форумлар муҳим аҳамиятга молик. Wеб 2.0 сервисларидан фойдаланиш ўқувчилар қизиқишларини фаоллаштириш, саводхонликларини ривожлантириш, китоб ўқишга қизиқтириш, гуруҳли ва ҳамкорликдаги ишлар малакаларини шакллантиришга ёрдам беради.

Ўқувчи болалар ва ўсмирларда ахборот технологияларидан фойдаланиш шакллари турлича, улар гуруҳий ва йўналтирилган, расмлар орқали тақдим этилган ва бошқалар бўлиши мумкин. Китобхонликка қизиқтиришда АКТдан фойдаланиб, мультимедиа ва электрон материалар, электрон ресурслар ҳамда кутубхона сайтини яратиш, ўқувчилар билан ишлашда тармоқ интерактив шакллардан фойдаланиш каби омиллар бўлиши мумкин.

Маҳлиё СОИБЖОНОВА,

вилоят болалар кутубхонаси янги ахборот технологиялари синфи дастурчиси,

Нилуфар ИБРАГИМОВА, 1-тоифали кутубхоначиси.