САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ УНГА КИРИТИЛГАН ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАРНИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ
Мамлакатимизда ўтказилган турли сайловлар таҳлили, сайлов жараёни иштирокчиларининг таклифлари ва халқаро кузатувчиларнинг тавсиялари асосида сайлов қонунчилигига муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, 2021 йил 8 февралда Ўзбекистон Республикасининг «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-670-сонли Қонуни қабул қилинди.
Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра:
-Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаси иккинчи қисмидаги «декабрь» деган сўз «октябрь» деган сўз билан алмаштирилди.
-Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелда қабул қилинган «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонунининг 8-моддасига сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш билан боғлиқ қуйидаги қоида-талаблар киритилди: «Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади. Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағлари шу партиядан кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинганидан кейин рўйхатга олинган номзодлар сонига мувофиқ ҳажмда сиёсий партиянинг ҳисоб-китоб варағига белгиланган тартибда ўтказилади.
-Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 25-моддаси учинчи қисмига участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас, бундан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган участка сайлов комиссиялари мустасно деган янги норма киритилди. Ушбу киритилган янгиликларнинг аҳамияти шундаки, биринчидан, сайлов участкаси ташкил қилинган ташкилот ходимлари меҳнат фаолияти чекланишининг олдини олади, иккинчидан, участка сайлов комиссиясида қабул қилинадиган қарорларининг коллегиаллик асосда холис қабул қилинишини таъминлайди, учинчидан, участка сайлов комиссияси аъзолари томонидан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларнинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади;
-Сайлов кодекси 271-модда «Чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхатларига киритиш» номли янги модда билан тўлдирилди. Мазкур моддада қуйидаги масалаларнинг ҳуқуқий тартиби белгиланди;
-Сайлов кодексининг 32-моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилиб, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар сони ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Марказий сайлов комиссияси сайлов бюллетенларининг тайёрланиши ва етказиб берилишини таъминлаши билан боғлиқ масалаларнинг тартиби белгиланди;
-Сайлов кодексининг 33-моддаси иккинчи қисмига киритилган янгиликлардан бири сифатида манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида сайлов комиссияларига ариза билан сайловдан камида ўн кун олдин маълум қилиш муддати белгиланди. Илгари мазкур муддат 15 кунни ташкил этган. Бундан ташқари, кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларига бориши ҳақида камида уч кун олдин участка сайлов комиссиясини хабардор қилиши кераклиги белгиланди;
-Сайлов кодексининг 42-моддасига киритилган янгиликларга асосан номзод сайловга қадар вафот этган, сайлов ҳуқуқидан маҳрум бўлган ёхуд номзодликдан чақириб олинган тақдирда нашр этилган сайлов бюллетенларидан ушбу номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилган сатр ўчирилади;
-Сайлов кодексининг 44-моддасига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг, сайлов комиссиялари аъзоларининг, диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланди. Мазкур қоида сайловолди ташвиқотини тенг имкониятлар ва шаффофлик асосида ўтказилишига, сиёсий партияларни ўз имкониятларидан тенг фойдаланишларига замин яратади;
-ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида қонун билан Сайлов кодексидан сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланди;
-сайловчининг чет давлатда турган жойида овоз бериш тартибини белгиловчи 561-модда киритилиб, ушбу норма билан қуйидагилар белгиланди: чет давлатлардаги сайловчиларнинг сайловда муддатидан олдин овоз беришни турган жойида ўтказиши мумкинлиги; турган жойида овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида сайловчилар ва кузатувчиларни ОАВ орқали хабардор қилиш; кўчма овоз бериш қутисини очиш, бюллетенларни санамасдан махсус қопга жойлаш, сўрғучлаш, далолатнома тузиш ҳамда сайлов куни саноқ бошлангунга қадар сақлаш;
-Сайлов кодексининг 99-моддаси қуйидаги мазмундаги тўртинчи ва бешинчи қисмлар билан киритилган янгиликлар асосида сайлов комиссияларининг аъзоларига сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасида кўрсатилган миқдорда транспорт, овқатланиш харажатларининг ва бошқа харажатларнинг ўрнини қоплаш мақсадида компенсация тўланади.
Музаффаржон МАМАСИДДИҚОВ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси бошлиғининг ўринбосари, ю.ф.д., профессор.

