2,5 КИЛОМЕТР ЙЎЛАК ТЎЛИҚ ЯНГИЛАНАДИ
«Шайдуллохон қурилиш пардоз» МЧЖ томонидан туман марказидаги Беруний, Навоий, Боғ МФЙлари ҳудудида жойлашган Беруний кўчасида пиёдалар, кўзи ожизлар учун йўлак ҳамда махсус велосипед йўлакчаси қилинмоқда.
Наманган вилоят ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи» инжиниринг компанияси буюртмасига асосан мазкур қурилиш ишлари «Уйчитумангаз» филиалидан Уйчи айланма йўлига қадар амалга оширилиши режалаштирилган. Узунлиги 2,5 километр, эни 3 метрли мазкур йўлакнинг 60 сантиметри кўзи ожизлар, 1,5 метри велосипед учун мўнжалланган. Кўзи ожизлар учун мўнжалланган қисмидаги брусчаткаларда махсус бўртиқлар бўлиб, чорраҳага келган одам бурилиш, тўхташ, ўнгга ва чапга ҳаракатланиш белгиларини мустақил топа олади. Тошкентдаги «Ибрат» компаниясида ишлаб чиқарилган брусчатканинг яна бошқа афзаллик томонлари ҳам бор. Музлама вақтида сирпанчиқ юзага келмайди, мустаҳкам ва чидамли, кўчиб кетган вақтида ўрнини янгилаш ҳам осонроқ. Ўйдим-чуқур бўлмайди.
Шунингдек, ҳар икки йўл четида 9800 квадрат метр кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади. Яшил майдонларни суғориш учун туман маркази ва 1-мактабда иккита 104 кубали сув ҳовузи қурилади. Бундан ташқари, иккита спорт майдончаси – «Пахтакор» ўйингоҳи рўпараси ҳамда туман марказида 16х16,5 ҳажмда баскетбол, 16х24 ҳажмда тренажёр билан шуғулланиш имконини берувчи майдонлар қилинади. 7 млрд. сўмдан ортиқ маблағ эвазига бунёд этилаётган мазкур қурилиш ишлари якунланса, туман марказида пиёдалар, велосипедда ҳаракатланувчилар ҳамда кўзи ожиз фуқаролар учун қулай имкониятлар яратилади.

