МУАММО ЕЧИЛДИ
Туман истеъмолчилар ҳуқуқла-рини ҳимоя қилиш ижро этувчи аппаратига келиб тушаётган мурожаатлар ўрганилиб, фуқаролар фойдасига ҳал этилмоқда. Мирзаровот МФЙда истиқомат қилувчи Саида Мамадалиева ёзма тарзда мурожаат қилиб, ноябрь ойида «Агробанк» Уйчи филиалидан чорвачиликни ривожлантириш учун имтиёзли кредит олиш мақсадида ҳужжатларини топширган. Банк томонидан тасдиқланиб, унга кредит ажратилади ва таъминотчи томонидан зотли 10 бош қўй берилади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, олган қўйлари касаллана бошлайди.
Фуқаро ветеринария ходимига кўрсатади. Мутахассис олинган қўйларининг барисини жигар касаллиги оқибатида узоққа бормаслигини айтади, ташвишга тушган фуқаро зудлик билан банк ходимларига мурожаат қилади. Банк томонидан таъминотчи чақиртирилиб, ҳолат тушунтирилганда, фуқарога берилган товарни пули таъминотчининг ҳисоб рақамига ўтказиб бўлинганлиги, қўйларни алмаштириб беришини айтади. Декабрь ойида таъминотчи томонидан қўйлар алмаштириб берилади, лекин алмаштирилган қўйлар ҳам касаллана бошлайди. Аммо таъминотчи ундан товар олганлигини, қаерга мурожаат қилса ҳам ўзининг ҳақлигини айтади. Мурожаат ўрганиш натижасида таъминотчи томонидан фуқароларга берилган қўйлар жигари касаллиги, бундан ташқари, бошқа фуқаролар ҳам норозилиги аниқланди. Мазкур муаммо бартараф қилиниб, фуқаро номидаги имтиёзли кредит таъминотчи томонидан буткул қопланиб, можаро фуқаро фойдасига ҳал этилди.
Хуршида ИНАМОВА,
туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ижро этувчи аппарати ходими.

