ОИЛАВИЙ ЗЎРАВОНЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШГА ҚАРАТИЛГАН ТАДБИРЛАР
2020 йил 2 сентябрдаги Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни мазмун-моҳияти ўрганиб борилмоқда.
Вилоятимизда оилавий зўравонликка учраган хотин-қизларнинг ҳисоби олиб борилмоқда. Уларга ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан ҳимоя ордерлари берилиб, моддий, маънавий ва психологик ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Айниқса, жамиятимизда қонунсиз (шаръий) никоҳлар асосида яшаётган хотин-қизларга нисбатан оилавий зўравонлик қилиш ҳолатлари қўпроқ учрамоқда. Қонунсиз никоҳ асосида турмуш қурган хотин-қизларнинг оиладаги ҳуқуқлари бирмунча чекланган ҳолда бўлади. Бундай хотин-қизлар фарзандларига туғилганлик гувоҳномаларини олишда, уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, турмуш ўртоғининг мулкидан мерос олишда муаммоларга дуч келмоқдалар. Шу сабабли хотин-қизлар турмуш қуришда никоҳни қонуний расмийлаштиришлари лозим бўлади.
Эр-хотинларга никоҳ шартномасини тузишларини маслаҳат берамиз. Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси, деб ҳисобланади. Мазкур шартномани тузиш орқали эр-хотин ўзининг мулкий ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлайди.
Асосий Қонунимиз бўлган Конституциямизнинг 63-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги алоҳида эътироф этилган.
Наманган вилояти суди айнан мана шу тамойилларга асосланган ҳолда ҳамда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, МФЙ фаоллари билан ҳамкорликда иш юритмоқда.
Ана шундай тадбирлар вилоятимизнинг барча маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилиб борилди.
Тадбирларда вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси А.Сафаев иштирокчиларга «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг мазмун ва моҳиятини батафсил тушунтириб, келиб тушган саволларга тўлиқ тушунтиришларни берди.
Тадбирлар якунида вилоят суди томонидан ишлаб чиқилган махсус ёзма қўлланмалар тарқатилди.
Бахтиёр КАСИМОВ,
вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси.

