ҲОКИМНИНГ БИРИНЧИ ИШ КУНИ
Туман ҳокими Шуҳрат Мусаев илк фаолиятини мактаблардаги таълим-тарбия ишлари, шароитларни ўрганишдан бошлади.
Дастлабки ташриф 22-мактабга бўлди. Мазкур мактабда 965 нафар бола бўлиб, дарслар икки сменада олиб борилади. Мактабга яна қўшимча бино зарур. Шарт-шароитлар ҳам бугунги кун талаби даражасида эмас.
Туманимиз раҳбари синф хоналарига кириб, ўқувчилар билан суҳбатлашди. Мактаб жамоаси билан бўлган мулоқотда кутубхонага янги китоблар зарурлиги айтилди.
-Мактаб битирувчиларидан ҳеч бўлмаганда олтмиш фоизи олий ўқув юртларига кириши керак, -деди туман ҳокими. -Шунга яраша биз ҳам шарт-шароитларни яхшилаш чораларини кўрамиз. Мен ҳар кунги иш фаолиятимни мактабдан бошлайман.
1-сектор ҳудудидаги Янгиҳаёт МФЙ туманнинг энг чекка, Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ҳудудда жойлашган. Бу ерда ҳам бир қанча муаммолар ечимини кутмоқда. Туманимиз ҳокими дастлаб маҳалла идорасига ташриф буюрди.
-Маҳалла идораси тартибли ва ишлаш учун ҳамма шароитлар бўлиши керак. Янгиҳаёт энг обод маҳалла бўлади, уни туманга намуна қиламиз, -деди туман ҳокими. -Қаровсиз жой, оқланмаган дарахт, ҳайдалмаган, чопилмаган ер қолмайди. 42-мактабда 160 нафар, боғчада 40 нафар бола таълим-тарбия олади. Мактаб учун янги бино қурилишини жадаллаштиришимиз керак.
Шу ерда туманимиз раҳбари фуқаролар билан суҳбатлашди. Тадбиркор Шамсиддин Охунов макарон цехи қилиши учун ёрдам сўради. Унга кредит таклиф қилинди ва мурожаати назоратга олиниши айтилди.
Туман ҳокимининг кейинги ташрифи кичик саноат зоналарига бўлди. Янгиер кичик саноат зонасида тадбиркор Маҳмуджон Юнусов электр энергияси таъминотидаги узилишлар фаолиятга жиддий таъсир этаётганини айтди.
Туман раҳбари икки кун муддат ичида масалани ижобий ҳал этиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.
2-сектор ҳудудидаги Ёркатай кичик саноат зонаси 4,7 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, бу ерда 108,5 млрд. сўмлик 26 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. 796 та ишчи ўрни яратилади.
Ҳозирда саноат зонасида қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда. Бу ерда асосан тикувчилик, электротехника, мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган.
Туман ҳокими Шуҳрат Мусаев саноат зонасида тадбиркорлар билан мулоқотда бўлди.
-Инфратузилмани яхшилаш бўйича барча муаммоларни ҳал этамиз. Лойиҳа эгалари эса қурилиш ишларини тезроқ якунлаб, маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлашлари, янги иш ўринлари яратишлари даркор, -деди туманимиз раҳбари.
Шу ернинг ўзида электр, йўл масаласидаги муаммолар бўйича мутасадди раҳбарларга топшириқлар берилди.
Юксалиш кичик саноат зонаси жами 28 гектар майдонни эгаллаган. Мазкур саноат зонасида 369,7 млрд. сўмлик 65 та лойиҳа амалга оширилади. 1935 та янги иш ўринлари яратилади. Бу ерда қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган.
Туман ҳокими Шуҳрат Мусаев саноат зонасида тадбиркорлар билан учрашди ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича масъулларга топшириқлар берди.
Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

