МУАММОЛАРНИ ЕЧИШНИНГ САМАРАЛИ УСУЛИ
Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир.
Шавкат МИРЗИЁЕВ.
Бундан беш йил олдин қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси асосида юртимизда ҳар бир соҳа ва йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Буни ҳар биримиз ўз ҳаётимиз мисолида, ён-атрофдагилар, қўни-қўшнилар, қишлоғимиз, маҳалламиз, шаҳримиз, қўйингки, бутун жамиятимиз қиёфаси мисолида кўриб, гувоҳ бўлиб турибмиз. Биргина халқ билан мулоқот қилиш борасида йўлга қўйилган тизимли ишлар қонун чиқарувчи ҳокимиятдан тортиб, энг юқори ташкилот ва идора, маҳаллий ҳокимликлар ва маҳалла фуқаролар йиғинигача бўлган бўғинларда фаол амалга оширилмоқда. Одамлар йиллар давомида йиғилиб қолган турли муаммо ва масалаларни очиқ-ойдин айтиб, тегишли вакилларга мурожаат қилишлари учун имкониятлар кенгайтирилди.
Уйма-уй юришлар, маҳаллабай, фуқаробай ишлаш принципи йўлга қўйилди. Сайёр қабуллар ташкил этилиб, мутасадди идора вакиллари фуқароларнинг муаммолари билан қизиқяпти, ҳаётий ташвишларини тинглаяпти. Тадбиркорлик қиламан, деган фуқаролар учун зарур йўл-йўриқ ва кўмак кўрсатиляпти. Бир сўз билан айтганда, халқчил сиёсат, инсонпарварлик билан йўғрилган янгича тизим бор бўй-басти билан ўзини намоён қилмоқда.
Туман адлия бўлими ҳам юқоридаги мақсадлар билан 2021 йил 28 февралда тасдиқланган Сайёр қабуллар графиги асосида жойларда фуқаролар муаммолари билан шуғулланди ва бўлим томонидан 2021 йил давомида тумандаги олис ва чекка ҳудудларда бир қатор сайёр қабуллар ўтказилди.
Жумладан, 2021 йил давомида тумандаги «Мустақиллик», «Истиқлол», «Умид», «Шифокор», «Янгиҳаёт», «Обод», «Гулзор», «Деҳқон», «Машад», «Гулбоғ», «Деҳқонобод», «Зиёкор», «Ҳизиробод» ва бошқа бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, аниқланган муаммолар ечимини топишда уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда қабул қилинган қонун ҳужжатларини аҳоли ва жамоатчиликка етказиш, мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш мақсадида сайёр қабуллар ўтказилди.
Бўлим томонидан ташкил этилаётган сайёр қабулларда аҳоли муаммолари ўрганилмоқда, фуқароларни ҳуқуқ ва эркинликларини тўсқинликсиз амалга оширишга кўмаклашиш, бузилган ҳуқуқларни тиклаш, иш ҳақларини ундириш, пенсия тайинлашдаги муаммолар, тиббий-ижтимоий ҳимояни таъминлаш ва бошқа шу каби муаммолар ҳал этилмоқда.
Масалан, фуқаролар манфаатлари юзасидан бўлим томонидан 2021 йил якуни ҳолатига судларга жами 49 та даъво ариза киритилиб, 238828 млн. сўм тўланмаган иш ундириш юзасидан суд қарорлари чиқарилди.
Бу эса бўлим томонидан ўтказилаётган сайёр қабуллар фуқароларнинг муаммолари ечимига хизмат қилаётганлигидан далолат беради.
Баҳодир ҚОДИРОВ,
туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси.

