Халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори Уйчи туманида 2022 йил учун юридик ва жисмоний шахсларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлари учун базавий солиқ ставкаларини белгилаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги «Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-6121-сонли Фармонининг 4-бандига мувофиқ, вилоят молия бош бошқармаси ва давлат солиқ бошқармасининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун жисмоний ва юридик шахслар бўйича мутлақ миқдорда белгиланган базавий солиқ ставкасига киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар» лойиҳаси бўйича киритган таклифларини муҳокама этиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6, 24-моддаларига мувофиқ, халқ депутатлари Уйчи тумани Кенгаши

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

  1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ҳамда Давлат солиқ қўмитасининг 2021 йил 8 ноябрдаги «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун мутлақ миқдорда белгиланган базавий солиқ ставкасига камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар қўллаш тўғрисида»ги 06/04-01-32/2248 ва 19/10-68220-сонли қўшма хатида қуйидагилар:

-ер солиғининг амалдаги солиқ ставкалари 2022 йилда 1,07 бараварга индексация қилиниши кутилаётганлиги;

-келгуси йил базавий солиқ ставкасига нисбатан камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар қўллашда кейинги йил маҳаллий бюджет даромадлари прогнозидан келиб чиқиш бўйича тавсиялари маълумот учун қабул қилинсин.

  1. «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун жисмоний ва юридик шахслар бўйича мутлақ миқдорда белгиланган базавий солиқ ставкасига киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар» миқдорларини белгилаш бўйича туман молия бўлими ҳамда туман давлат солиқ инспекциясининг қўшма таклифи маъқуллансин.
  2. Қуйидагилар:

-Уйчи тумани ҳудудида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун юридик шахслар бўйича мутлақ миқдорда белгиланган базавий солиқ ставкасига киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар миқдорлари 1-иловага мувофиқ;

-Уйчи тумани ҳудудида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун жисмоний шахслар бўйича мутлақ миқдорда белгиланган базавий солиқ ставкасига киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар миқдорлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Бунда:

-солиқ идораларига жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи (якка тартибдаги тадбиркорлардан ташқари) суммаси 2021 йил учун ҳисобланган солиқ суммасининг 1,3 бараваридан ошмаслиги лозимлиги;

-халқ депутатлари туман Кенгашига белгиланган ер солиғи ставкаларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун, уларнинг ҳудудларида жойлашган даҳа, массив, маҳалла, кўча кесимида 0,7 дан 3,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни киритиш ҳуқуқи берилганлиги алоҳида кўрсатиб ўтилсин.

  1. Туман молия бўлими (Д.Нурматов), туман давлат солиқ инспекцияси (Х.Бобаев) 3 кун муддатда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича мутлақ миқдорда белгиланган базавий солиқ ставкасига киритилаётган коэффициентларни тегишлилиги бўйича етказилишини таъминласин.
  2. Халқ депутатлари туман Кенгашига ушбу қарорнинг 1 ва 2-иловаларига асосан белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни келгуси йил учун маҳаллий бюджет даромадлари прогнозидан ҳамда мамлакатимизда иқтисодий фаолликнинг тикланганлиги ҳамда аҳоли ва тадбиркорларнинг даромадлари барқарорлашган-лигидан келиб чиққан ҳолда қўллаши тавсия этилсин.
  3. Уйчи тумани давлат солиқ инспекцияси (Х.Бобаев) ер солиғи бўйича тасдиқланган солиқ ставкаларини 1 январга қадар барча солиқ тўловчиларга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали етказилишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган ваколатларидан келиб чиқиб:

-солиқларнинг тўлиқ ва тўғри ҳисобланишини ҳамда ўз вақтида бюджетга ундирилишини назоратга олиб бориш;

-тегишли бюджетнинг ижро этилиши жараёнида унга тушумларни кўпайтириш бўйича қўшимча заҳираларни аниқлаш;

-ер солиғининг солиқ базасини ошириш, яъни хатлов ишларини самарали ташкил этиб бориш вазифалари топширилсин.

  1. Халқ депутатлари Уйчи тумани Кенгашининг «E-qaror» ягона электрон тизимида туман ҳокимининг қарори сифатида техник хатолик билан тасдиқланган Уйчи тумани ҳокимининг 2022 йил 6 январдаги 12-6-86-Q/22-сонли қарори бекор қилинсин.
  2. Туман молия бўлими (Д.Нурматов), туман давлат солиқ инспекцияси (Х.Бобаев), «Уйчинома» газетаси (М.Қамбаров) билан биргаликда ушбу қарор 1, 2-иловаларига мувофиқ солиқ ставкалари, солиқ солиш тартиб-таомиллари ҳамда соҳага оид бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
  3. Мазкур қарор «Уйчинома» газетасида эълон қилинсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
  4. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
  5. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестициялар ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси ҳамда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Имамов зиммаларига юклансин.

Кенгаш раиси ўринбосари                 О.ЖАЛОЛОВ.

Уйчи шаҳарчаси,

2022 йил 7 январь.

(Қарорнинг иловалари  билан тўлиқ ушбу линк орқали танишишингиз мумкин: http://e-qaror.gov.uz)