ЭЛЕКТРОН ҲУЖЖАТЛАРНИНГ АФЗАЛЛИКЛАРИ

Электрон ҳужжат бу электрон шаклда қайд этилган, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш (таниб олиш) имкониятини берадиган бошқа реквизитларига (маълумотларга) эга бўлган ахборотдир. У техника воситаларидан ва ахборот тизимлари хизматларидан ҳамда ахборот технологияларидан фойдаланилган ҳолда яратилади, ишлов берилади ва сақланади.

Бунда ҳужжат электрон кўринишда компьютер, телекоммуникация ва Интернет тармоғи орқали узатилади. Электрон ҳужжатларни алмашиш жараёнида махсус ихтисослаштирилган тизимлардан ёки электрон почта хизматидан фойдаланилади. Электрон ҳужжат алмашиш тизимларида ҳужжатларни узатиш жуда тезкор амалга оширилади ва бу унинг энг муҳим афзалликларидан биридир. Шунингдек, электрон ҳужжатларни алмашиш фуқароларнинг давлат ва маҳаллий давлат органларига мурожаат қилишларида уларнинг ортиқча чиқимдор бўлишлари, вақтларининг кетказишлари, энг муҳими, коррупция, таъмагирлик каби қонун бузилиши ҳолатларига дуч келишларининг олдини олади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 июндан «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига «Е-қарор» электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 390-сонли қарори кучга кирди. Унга мувофиқ:

-барча маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ва фармойишлари, шу жумладан, хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган қарорлари ва фармойишларини ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш (чиқариш), рўйхатга олиш ва эълон қилиш «Е-қарор» электрон тизими орқали амалга оширилиши;

-«Е-қарор» электрон тизимини четлаб ўтган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тегишли қарорлари ва фармойишларини қабул қилиш (чиқариш)га йўл қўйилмайди. Бундай ҳужжатлар юридик кучга эга эмас ҳамда у қабул қилинган пайтдан эътиборан ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармаслиги;

-маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш «Е-қарор» электрон тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши белгиланди.

И.РАҲИМОВ,

туман юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти.