«ЯНГИҲАЁТ» ОБОД МАҲАЛЛАГА АЙЛАНАДИ

1-сектор ҳудудидаги Янгиҳаёт МФЙда 518 та хонадон бўлиб, 2781 киши истиқомат қилади. Маҳалла Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ҳудудда жойлашган. Маҳалланинг адирлик қисмидаги «М.Жамолиддинов», «Т.Мавлонов», «Янгиҳаёт», «Адиблар» кўчаларида жами 240 та хўжаликда 1390 нафар аҳоли яшайди. Айнан шу ҳудудда ечимини кутаётган бир қатор муаммолар мавжуд.

«Янгиҳаёт»да мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича туман ҳокими Шуҳрат Мусаев бошчилигида барча мутасадди ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар раҳбарлари иштирокида штаб фаолиятини бошлади. Мазкур штаб узлуксиз фаолият олиб бориб, йўл, сув, электр, суюлтирилган газ таъминоти, халқ таълими, аҳолини бандлигини таъминлаш масаласидаги муаммолар хонадонбай ўрганади, мурожаатларни тинглайди, ечими бўйича келгусидаги режалар белгилаб олинади. Туман тиббиёт бирлашмаси томонидан аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.

Янгиҳаёт МФЙда электр, йўл масаласида муаммолар мавжуд. Айни вақтда 100 та хўжаликда тоза ичимлик суви муаммоси бор. Ҳудуддаги 42-мактаб ва 30-МТТ филиали битта бинода жойлашган. Мактаб учун алоҳида бино зарур.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Аҳрор Мансуров, туман ҳокими Шуҳрат Мусаевлар хонадонбай ўрганиш давомида айрим мурожаатларга шу ернинг ўзида ечим топиб бердилар, баъзи муаммоларнинг ечимини назоратга олдилар.

«Янгиҳаёт»да янги йилнинг илк кунларидан бошланган янгича дунёқараш ва ўзгаришлар аҳоли кайфиятини ҳам кўтарди, эртанги кунга ишонч ва умид уйғотди.

Авазбек АБДУЛЛАЕВ,

туман Кенгаши депутати.