БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ МЕХАНИЗМИ

Ўзбекистонда болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 45-моддасида «Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир», -деб кўрсатилган бўлса, 64-моддасида: «Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларини рағбатлантиради» ва 65-моддасининг иккинчи қисмида: «Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади» -деб кўрсатилган.

Болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаб беришда суд ва ҳуқуқ тартибот органлари зиммасига ўз навбатида катта масъулият юклатилган.

Ўзбекистон Республикаси ривожланган давлатлар қаторида 2007 йил 1 декабрда қабул қилинган ва 2008 йил 7 январдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни амалга киритилди. Мазкур Қонуннинг 4-моддаси «Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсати» -деб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 47-моддасига кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши-базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Болаларнинг мажбурий умумий таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш-базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. (Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 21 июлдаги ЎРҚ-629-сонли Қонуни билан киритилган).

Б.КАСИМОВ,

Наманган вилоят судининг судьяси.