ДАРАХТЛАР ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-5863-сонли Фармонида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида мамлакатимиз миқёсида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилиши, кўчатхоналар сонини кенгайтириш, «Яшил боғлар», «Яшил парклар» ташкил қилиш, ҳар бир дарахтга парвариш учун масъул шахсларни белгилаш, бу борада рағбатлантириш механизмини жорий этиш, дарахтларни ноқонуний кесганлик, шикастлантирганлик, нобуд қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш, дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига мораторийнинг амал қилинишини муддатсиз даврга узайтириш белгилаб қўйилди.

Шу билан бирга, мораторий талабларини бузиб, дарахт ва буталарни ноқонуний кесган шахсларга нисбатан жарималар миқдори 5 (беш) баробарга, дарахт ва буталарни ғайриқонуний кесиш оқибатида ўсимлик дунёсига етказилган зарарни ундириш суммалари икки баробари миқдорида оширилган ҳолда қўлланилиши белгиланди. Маълумки, кўп ҳолатларда қурилиш-пудрат ташкилотлари томонидан бино ва иншоотларни, шунингдек, йўлларни қуриш ва кенгайтириш ҳамда таъмирлаш жараёнида ўша ҳудуддаги дарахт ва буталарни кесиш ҳолатлари учрайди.

Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мораторий талабларини бузган қурилиш-пудрат ташкилотларини «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимидаги рейтинг баҳоси пасайтирилиб, рейтинг баҳосини кўтариш имкониятидан маҳрум қилиниб, бир йил муддатга қурилиш-пудрат ташкилотлари электрон рейтингидан тўлиқ чиқариб ташланади.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ички ишлар ҳамда миллий гвардия ходимлари билан биргаликда мунтазам равишда тезкор рейд тадбирлари ўтказилади.

2022 йил 1 мартидан ҳар бир ҳудудда дарахтларнинг ҳисобини юритиш ва масъул шахсларга бириктириш бўйича дарахтлар реестри тизими жорий этилади.

Дарахтларни нафақат ноқонуний кесганлик, балки ўзларига тегишли бўлган ёки ўзларига бириктирилган ҳудудларда муҳофаза қилиш ва сақлашга доир қонунчиликда белгиланмаган чораларни кўрмаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 (ўн) баробаридан 20 (йигирма) баробари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

М.САИДОВ,

туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бош мутахассиси.