ЗАРАР ЕТКАЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК МАВЖУД
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 965-1020-моддаларига зарар етказганлик учун жавобгарлик масалалари тўғрисида кенг тушунчалар берилган. Етказилган зарар турлари мулкий зарар, фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар, товарлар, ишлар хизматлардаги нуқсонлар оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зарарлар деб номланади.
Ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек, юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан, бой берилган фойда зарар етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим. Қонунда зарарни тўлаш мажбурияти зарар етказувчи бўлмаган шахсга юклатилиши мумкин. Қонун ҳужжатларида ёки шартномада жабрланувчиларга зарарни тўлашдан ташқари товон пули тўлаш мажбурияти белгилаб қўйилиши лозим.
Зарар етказган шахс агар ўз айби билан етказилмаганлигини исботласа, зарарни тўлашдан озод қилинади. Қонунда зарар етказмаган шахснинг айби бўлмаган тақдирда ҳам зарарни тўлаш назарда тутилиши мумкин. Қонуний ҳаракатлар туфайли етказилган зарар қонунда назарда тутилган ҳолларда тўланиши лозим. Агар зарар жабрланувчининг илтимоси ёки розилиги билан етказилган бўлса, зарар етказган шахснинг ҳаракатлари эса жамиятнинг ахлоқий тамойилларини бузмаса, зарарни тўлаш рад этилиши мумкин. Зарурий мудофаа ҳолида етказилган зарар бунда мудофаа чегарасидан чиқилмаган бўлса, тўланмайди. Охирги зарурият ҳолатида етказилган зарар, яъни зарар етказган шахснинг ўзига ёки бошқа шахсларга таҳдид солган хавфни бартараф этиш учун охирги зарурият ҳолатида етказилган зарар, агар бу хавф мазкур ҳолатларда бошқа воситалар билан бартараф этилиши мумкин бўлмаса, зарар етказган шахс томонидан тўланиши лозим. Бундай зарар етказилган ҳолатларни ҳисобга олиб, суд уни тўлаш мажбуриятини зарарни етказган шахс учинчи шахснинг манфаатини кўзлаб ҳаракат қилган бўлса, ўша шахсга юклаши ёхуд бу учинчи шахсни ҳам, зарар етказган шахсни ҳам зарарни тўлашдан тўлиқ ёки қисман озод қилиши мумкин.
А.АКРАМОВ,
И.ҚОЗИЕВ,
Учқўрғон фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг судьялари.

