ИККИ ҚЎШНИ
Қадимда икки қўшни яшаб ўтган экан. Бири Мўмин, иккинчиси Ғайридин экан. Мўмин томорқасидаги мўъжазгина боғидан келадиган даромад билан, қолаверса, бозорда ҳаммоллик, хонадонларда мардикорлик ортидан ўртаҳол кун кўраркан. Ғайридиннинг эса бозорда 3-4 та савдо дўкони бўлиб, топиш-тутиши қўшнисиникига қараганда бирмунча кўпроқ экан. Бироқ Ғайридин Мўминни шу қадар ёмон кўраркан-ки, унга доим хуфиёна «зарба» бериш режасини тузиб юраркан.
…Ёзнинг айни жазирама палласи. Мўминнинг боғидаги мевалар ғарқ пишиб етилди. Бунга боғбоннинг омилкорлиги сабаб. У қиш чилласи чиқиши билан дарахтларга қўшимча ишлов бериб, уларнинг гуллашини анча ортга сурди.
Кўклам шу мавсум анча инжиқ келди. Бир неча кун тинмай ёққан ёмғир охири қорга айланди. Дарахтлар гулини совуқ уриб, шу йилги ҳосилга путур етди. Мўминнинг эса «ошиғи олчи» бўлди. Бундан ғазабланган Ғайридин ярим тунда қўшнисининг боғига тушди. Дарахтларни қуритиш кучига эга махсус суюқликни ҳар бир меванинг илдизига қуйиб чиқди.
Шу кеча тоғли ҳудуддан оқиб келувчи сой тўлиб-тошди. Ён-атрофда ариқлар ломмо-лим оқди. Мўминнинг боғи ҳам тонгга қадар бир қур ювилди. Илдизга қуйилган қоришма таъсири дарахтлар танасидаги ҳашаротларни йўқ қилишгагина асқотди. Тўғри, ҳали қовун пўчоғи ерга тушмай, боғ сариқ-жигарранг тус олди. Эрта кунда барглар қовжираб, тўкила бошлади. Буни кўрган Ғайридиннинг кўнгли ёришди.
-Дарахтларни кесиб ташланг, қўшни. Қуриган дарахт бехосият, дейишади-ку, ахир! -киноя қилди.
-Танасида намлик бор. Сабр билан кўкламни кутайлик-чи, -жавоб берди Мўмин.
Чиндан ҳам, баҳор келиши билан дарахтлар куртак ёзди. Чаман-чаман гуллади. Зараркунандалардан халос бўлган бақувват таналар гулини тўкмай, мева тугди…
Қўшнисининг кейинги ҳийласи аввалгисидан-да пухта ўйланди. Ғайридиннинг ҳовлиси қўшнисиникига нисбатан баланд эди. Шундан фойдаланиб, маккор қўшни ариғини қўшни уйининг орқа тарафидан олиб ўтди. Паст томон юриб борган зах бир йил ўтар-ўтмас, эски пахса уйни шўрлаштириб юборди. Иссиқ кунлар келиши билан Мўмин уйини бузишга киришди. Ғайридин бу манзарадан кайфияти чоғ бўлди. Аммо унинг хурсандчилиги бу гал ҳам узоққа чўзилмади. Эски пахса девор орасида эски матога ўралган ихчам қутича топилди. Қутичани очиб кўрган Мўмин ҳангу манг бўлиб қолди: қути тилла-кумуш тангаларга тўла эди.
Совуқ кунлар келиб улгурмай, Мўминнинг хонадонида аввалгисидан анча кўркам, хашамдор уй қад ростлади.
…Ғайридин олис бир қишлоқда номи донг таратган бир табибни ахтариб топди. Токчасига турли идишлар терилган, шифтига қуритилган гиёҳлар осиб қўйилган, димоққа ғайритабиий ҳид урилиб турган нимқоронғи хужрада табиб янги мижозни қабул қилди.
-Сизни танангиздаги хасталик эмас, қалбингизни кемираётган бир мушкулот ҳузуримга етаклаб келган кўринадир, бўтам, -сўз бошлади табиб.
Гапни нимадан бошлашни билмай турган Ғайридинга жон кирди:
-Менга оғу керак, тақсир, -дабдурустдан мақсадини ошкор этди у.
-Оғу? -қайта сўради чол. -Ёввойи ўтгами, зараркунанда ҳашаротгами, кемирувчи ҳайвонгами?
-Одамга. Аниқроғи қўшнимга.
-Ё алҳазар. Қўшнингизга? Нима учун!
-Тақсир, мен сизни хурсанд қиламан, рози қиламан, айтган пулингизни сўранг. Фақат ишимни битириб берсангиз, бас.
Шундан сўнг Ғайридин бўлиб ўтган воқеаларни чолга айтиб берди.
-Мен энди қўшнимнинг ўзини йўқотишга қарор қилдим. Шунда ҳаловатда яшай оламан, -сўзини тугатди Ғайридин.
Табиб анча ўйга толди.
-Сизни тушундим, бўтам, -орадаги жимликни бузди ва ниҳоят чол. -Менда томчиси туяни ағдарадиган оғу бор. Бироқ у сизга тўғри келмайди. Агар унинг таомига қўшиб берсангиз, ҳамма гумон сизга тушади. Бу айбловдан омон қутулишингиз амри маҳол.
-Унда нимани тавсия қиласиз?
-Мен сизга таъсири бир неча ой, балки йилга қадар чўзилувчи кукун бераман. У танага тушгач, ошқозон ё ичакда макон қуради, баданга сурилмайди. Аста-секин ўша ерга бу оғунинг бўлаклари тўплана бошлайди. Ва ниҳоят, ўша ерда яра ҳосил бўлиб, инсон ичини емиради. Бунинг учун сиз ҳар куни қўшнингизга тансиқ таом тайёрлаб, бир косадан бериб турасиз. Ҳар гал ушбу кукундан бир чимдимдан қўшинг. Ҳа, айтганча, бу орада қўшнига яхши муомалада бўлишингиз зарур. Акс ҳолда ниятингизни сездириб қўясиз.
Ғайридин табиб кўрсатмаларини бажаришга киришди. У ҳар куни ўз қўли билан таом тайёрлаб, қўшнисига узатишни одат қилди. Мўмин унинг идишига турли мевалардан солиб қайтарарди. Мевалар мавсуми тугагач, тўрт-бешта тухум солиб, бера бошлади.
…Ойлар кетидан ойлар ўтди. Ғайридин ўзи орзу қилган мўъжизани кутиб яшади. Аммо кутилмаганда ёмон ҳодиса содир бўлди. Ғайридиннинг тоби қочди. Бир ҳафтача белида симмиллаб оғриқ турди. Кейинчалик оғриқ ёмон кучайди. Азобнинг зўридан бемор ётолмай, туни билан юриб чиқадиган бўлди. Мадори қуриб, йиғилиб қолгунча ҳовлисини айланиб чиқар, кўнгли беҳузур бўлиб, қайт қиларди. Кундан-кунга мадори қуриб борган Ғайридиннинг бу дунёдан умиди аста сўниб бораверди.
Шундагина у умрини сарҳисоб қила бошлади.
-Мен қандай оғир юк билан у дунёга кетяпман-а? -савол берди ўз-ўзига.
Қўшнидан кечирим сўраш, унинг рози-ризолигини олиш ҳақида ўйлай кетди. Бироқ қандай қилиб? «Мен сени деярли бир йилдан бери заҳарлаб келяпман, шунинг учун мени кечир», -дейдими? Йўқ.
Шу ўй-хаёллар билан ётганда, бир коса овқат кўтариб, Мўмин чиқиб келди. Саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрагач, Мўмин гап бошлади.
-Қўшни, мен сизнинг олдингизда гуноҳкорман. Сиздан кечирим сўраш учун анчадан бери оғиз жуфтлайману, аммо ҳеч журъатим етмасди. Бугун шуни айтишга қарор қилдим.
Ғайридин лол қолди:
-Сизнинг менга бир умр зиёнингиз тегмаган бўлса, аслида мен сизнинг олдингизда уятлиман. Жуда кўп маккорликлар қилганман.
Мўмин шунда узрининг сабабини сўзлаб берди. У Ғайридиннинг бирорта таомига қошиқ солмагани, боиси «Бисмиллоҳ» деб уринилмаган таомни тановул қилмаслигини айтиб, шундай деди:
-Мен бу овқатларни товуқларимга берганман, тухумини эса ўзингизга қайтариб, гуноҳимни шу йўл билан бироз енгиллаштиришга уринганман. Бироқ виждоним ич-этимни кемириб келмоқда.
Қўшни чиқиб кетгач, Ғайридин бор бойлигини халтага жойлаб табибнинг ҳузурига йўл олди. Унинг ҳузурига кира солиб, халтадаги пулни табибнинг олдига қўйди:
-Мана бу бойлик сиздаги бор оғуни сотиб олишга етади. Бу пуллар сизга. Фақат менга сўз беринг, бундан буён ҳеч бир инсон қўшнисининг қўлидан заҳарланмасин.
Чол ундан бу қарорнинг сабабини сўради. Ғайридин бўлган воқеани сўзлаб берди:
-Мен ўзим тайёрлаган заҳри қотил тухумнинг ичида ўзимга қайтиб, мени заҳарлади. Балки шу ишим билан кетар чоғимда бирор эзгуликка қўл урган бўларман?
Чол бу сўзларни юзида ним табассум билан тинглади.
-Эҳ, биродар, -деди у Ғайридинга. -Сиз, авваламбор, жаллоднинг эмас табибнинг ҳузурига келгансиз. Мен одамларнинг жонини олувчимас, уларга ҳаловатини қайтарувчиман. Сизга берган кукунга келсак, у фақат таомга маза киритувчи, қўшимча дармон-дорилар билан таъминловчи хусусиятга эга, холос. Сизни алдаганимни боиси эса ўша кезда бирор бошқа табибнинг ҳузурига бориб, ундан оғу сотиб олишингиздан, тузатиб бўлмас гуноҳга ботишингиздан қайтармоқчи бўлдим.
-Унда нега мен заҳарландим? -ажабланиб сўради бемор.
-Тухум ўта фойдали таом. Бироқ у кўпроқ жисмоний меҳнат қилувчилар, бадантарбия билан шуғулланувчиларга тавсия қилинади. Сиз эса жисмонан анча камҳаракатсиз. Шу боис сизнинг пешоб йўлингизда каттагина тош ҳосил бўлган. Мана бу дорини бир кунда уч маҳал ичиб туринг. У оғриқни даф қилиш, иштаҳани очиш, тошни майдалаш хусусиятига эга, иншооллоҳ.
…Мўмин таҳорат олиб, ичкари уйга йўл олаётган паллада ёғоч дарвоза тақиллади.
-Ие, қўшнижон. Яхши бўлиб қолдингизми? Ҳайрият.
-Яратганга шукур, -жавоб берди қўшни. -Мана бу таомни атайин олиб чиқдим. Кечки овқатни биргаликда баҳам кўрамиз, деган ниятда.
-Шунақами? Жуда яхши ўйлабсиз. Фақат сиз меҳмонхонага кириб, бироз ўтириб туринг. Мен шом намозини ўқиб чиқай, -деди Мўмин.
-Шом намозини биргаликда адо этамиз, -жавоб берди қўшниси.
Абдул ҲАКИМ.

