УСМОН НОСИРНИ ТАНИЙСИЗМИ?

1912 йил Наманган шаҳрининг Чуқуркўча кўчасида бир гўдак дунёга келди. У ҳамма қатори оддийгина бир бола эди. Унинг пешонасига оғир қисмату қисқа умр, лекин ўзбек адабиёти тарихида ўчмас из қолдирувчи шоир, ёзувчи, драматург, таржимон бўлиши ёзилганлиги ёлғиз Аллоҳга аён эди.

У тўрт ёшида отасидан ажраб, аввалида тоға, сўнгра ўгай ота қўлида тарбия топди. Тўққиз ёшида ўгай ота билан Қўқонга кўчиб кетишди.

Усмон бошланғич таълимни интернатда олди. У мактаб давридаёқ қалбларни тўлқинлантирувчи шеърлар ёза бошлади. Ўн беш ёшидаёқ илк шеърларини ёзди. Ўн тўққиз ёшида эса илк достони чиқиб улгурди. Йигирма ёшида шеърий тўпламини ёзиб битирди. Усмон 1929-1930 йиллар Москвадаги Киномотография институтида ўқиди. У шу пайтда ўзбек Лермонтови, шарқ Пушкини бўлиб танилди. Сўнгра 1931-1935 йилларда Алишер Навоий  номидаги Самарқанд давлат университетини битирди. Унинг «Қуёш билан суҳбат», «Сафарбар сатрлар», «Тракторобод», «Юрак», «Меҳрим», «Норбўта», «Нахшон» асарларини яратди. «Атлас» пьесаси ҳаваскорлар театр саҳнасида қўйишга ҳам улгурилди. У энди Усмон эмас, Усмон Носир бўлиб танилди. Шоир А.С.Пушкиннинг «Боқчасарой фонтани», М.Ю.Лермонтовнинг «Иблис» асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 1937 йил 27 январь Усмон Носир ижодининг 10 йиллиги нишонланди. Орадан ярим йил ўтиб, ёзувчилар уюшмасида унинг ижоди муҳокама қилинди. Мажлисдан икки кун ўтиб, Усмон Носирни уйидан миллатчи, халқ душмани, деган айблов билан олиб кетишди. Сўнгра Владивостокка қамоқ лагерига жўнатишди. Шоирнинг қолган умри Магадан, Маринск, Кемерово, Сибирь лагерларида ўтди. 1940 йил 20 август куни Сталин номига айбдор эмаслигини билдириш учун ариза ёзди. Сталин аризани кўриб, Ўзбекистон ҳукуматига Усмон Носир ишини қайта кўриб чиқишларини буюрди. Профессор Бравков, шоир Мақсуд Шайхзода, муҳаррир Сиддиқ Ражабовлар  иштирокидаги ҳайъат гуруҳи Усмон Носирни оқлади. Аммо бу пайтда Усмон Носир 1944 йил 9 март куни Кемеровонинг Суслов, ҳозирги Первомайск қишлоғида ҳаётдан кўз юмган эди.

Ҳозир қатағон қурбонлари қабристони ўрнида Усмон Носирнинг она юрти Ўзбекистонга боқиб турган ҳайкали қад ростлаб турибди. Ҳозирда Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини эъзозга лойиқ ҳолда ўтказиш режалари кўрилмоқда. Наманган халқи Усмон Носирдек фарзандларини унутмайди.

Авазхон АТАБОЕВ,

«Ахси» жоме масжиди мутаваллиси.