ЧОРВАЧИЛИКДА ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР

Президентимизнинг «Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳа ривожи йўлида қўйилган муҳим қадам бўлди. Чорвачилик халқимиз ризқ-рўзи бутунлигини таъминлайдиган муҳим тармоқдир. Туманимизда ҳозирги кунда қорамолчиликда 41 та чорвачилик фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, шундан 13 таси наслчилик йўналишида фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу фермер хўжаликларида ҳудудимизга мослаштирилган «Голштеинфриз», «Симментал», «Швец», «Қора-ола» зотига мансуб қорамоллар парваришланмоқда. Чорвачиликда наслчилик ишлари билан шуғулланувчи 13 та наслчилик фермер хўжаликлари раҳбарларига Инспекциянинг туман бўлими томонидан «Наслчилик тўғрисида»ги Қонун талабларини бажариш юзасидан кўрсатма хатлари берилди.

Наслчилик субъектлари учун 2021 йил 1 январдан бошлаб 2024 йил 1 январга қадар наслчилик субъектлари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 февралдаги «Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-121-сонли қарорига асосан 2022 йил 1 январидан бошлаб 2023 йил 31 декабрига қадар қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган чорвачилик хўжаликларига ўз хўжаликларида ва аҳоли хонадонлари билан биргаликда кооперация усулида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун субсидиянинг миқдори 2000 сўмдан 4000 сўмга ҳамда сутнинг ҳар бир литри учун 200 сўмдан 400 сўмга оширилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 майдаги «Чорвачилик тармоғига давлат томонидан субсидия ажратишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 280-сонли қарорига асосан чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга давлат томонидан республикадаги наслчилик хўжаликларида етиштириб сотилган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 1 миллион сўм; хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 миллион сўм, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорда субсидия ажратилиши белгиланган.

Қўйчилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичилик соҳаларида давлат томонидан субсидияларнинг ажратилиши ҳам ушбу тармоқларни жадал ривожлантириш, замонавий ва инновацион услубларни жорий этиш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш, шунингдек, аҳолини маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон чорвачилик маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга замин яратади.

Комилжон ХОЛИҚОВ,

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси туман бўлими катта инспектори.