АДЛИЯ БЎЛИМЛАРИ ТЎРТ ЁШДА
Кўпчиликка маълумки, бундан 4 йил аввал адлия органлари фаолияти янги босқичга кўтарилди. Яъни 2018 йил 13 апрель куни Президентнинг ПФ–5415-сон Фармони қабул қилинди ва ушбу Фармон билан адлия органларининг туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилди.
Адлия бўлимлари фаолиятидан асосий мақсад – ҳуқуқни қўллаш амалиётини тизимли таҳлил қилиш ва унинг изчиллиги ва бир хиллигини таъминлаш бўйича таъсирчан чораларни ишлаб чиқиш, ҳуқуқий нормаларнинг ўзбошимчалик билан ва нотўғри талқин қилинишига йўл қўймаслик юзасидан жойларда давлат органлари ва бошқа ташкилотларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари уларнинг ҳақиқий эҳтиёжлари билан боғлиқ ҳолда таъминланишига эришишдан иборат эди.
Бу эса ҳамюртларимизнинг вилоятлар марказига юзлаб чақирим йўл босиб ўтирмай, уларнинг ҳуқуқий муаммоларини ортиқча оворагарчиликсиз ҳал этишга имкон берди.
Умуман олган шу ўтган 4 йил давомида адлия бўлимлари инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, ҳуқуқни қўллаш, юридик ва ҳуқуқий хизматни тартибга солиш, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада оширишнинг яхлит тизимини жорий этишда ўз ўрнига эга бўлди дейиш мумкин.
Буни биргина Уйчи туман адлия бўлими мисолида талқин қиладиган бўлсак, бўлим ташкил этилгандан бошлаб, ўтган 4 йил давомида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, адлия бўлимлари томонидан 2018-2022 йиллар давомида:
-фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб судларга 174 та даъво аризалари киритилди;
-давлат органлари ва ташкилотларига 240 та тақдимномалар киритилди;
-давлат органлари ва ташкилотларида 164 та назорат тадбирлари ўтказилди;
-қонунчиликни такомиллаштириш бўйича 241 та таклифлар берилди.
Шунингдек, ташкил этилган йилдан бери бўлим томонидан фуқаролар ва тадбиркорларнинг 915 та мурожаатлари ҳал қилинди.
Бўлим томонидан 2018 йилдан бери давлат органлари ва ташкилотларига киритилган тақдимномалар асосида фуқаролар ва тадбиркорларнинг қарийб 806 998 000 сўм маблағлари қайтарилган ёки тўлаб берилган.
2019-2021 йиллар давомида фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида судларга киритилган даъво аризаларининг 100 фоизи қаноатлантирилган.
Адлия бўлимлари томонидан ҳал этилган масалаларнинг кўпчилигини меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши, соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонун нормаларига амал қилиниши, ер-мулк соҳасидаги муаммолар ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига тўсқинлик бўлаётган турли ҳолатлар ташкил қилади.
Бундан ташқари, адлия бўлимлари томонидан аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида ҳам ўз ўрнига ва йўналишига эга бўлиб бормоқда.
Бу йилги энг асосий янгилик, муҳтарам юртбошимизнинг 2022 йил 17 мартдаги “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-89-сон Фармонлари билан туман (шаҳар) адлия органлари тизими ихчамлаштирилди.
Фармонга кўра тумандаги давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ органлари ва юридик хизмат кўрсатиш марказлари туман адлия бўлимлари билан бирлаштирилиб, битта бинода фаолият юритувчи ягона Адлия бўлимларига айлантирилади.
Адлия бўлимлари келгусида ҳам ўз олдиларига қўйилган вазифаларни масъулият билан бажариш орқали юрт равнақи, халқ фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишда давом этади.
Б.ҚОДИРОВ,
Уйчи туман адлия бўлими инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлинмаси бош маслаҳатчиси.

