БОЛАНИНГ КЎНГЛИГА ЙЎЛ ТОПАЙЛИК

Ҳеч кимга сир эмас, таълимни ҳам, тарбияни ҳам мактаб зиммасига юклаб қўйиб, фарзандини фақатгина моддий томондан таъминлаяпман, дейдиган ота-оналар орамизда учраб туради. Фарзанднинг моддий таъминоти эмас, унинг баркамол авлод бўлиб етишишида ота-онанинг маънан қўллаб-қувватлаши муҳимдир. Лекин бу зарур омил эканлигини баъзан унутиб қўйяпмиз. Фарзандимиз аълочи, одобли бўлиши мумкин, лекин у ҳаётга қанчалик тайёр, мустақил ҳаётга қадам қўйганда қийналмай, ҳаёт қийинчиликларини енга оладими ёки йўқми? Унинг қанчалик мустақил эканлиги биз ота-оналарга, айниқса, ўғил фарзанд тарбиясида оталарга кўп жиҳатдан боғлиқ.

Биз фарзандимиз билан қачон дилдан суҳбатлашдик, унинг қизиқишлари, дўстлари ҳақида етарлича маълумотга эгамизми? Буни ўйлаб кўришга айримларда вақт йўқ. Фарзандимиз бирор айб қилса, уни уришамиз ёки тартибга чақирамиз. Лекин унинг бу ишни қилишига нима сабаб бўлгани билан қизиқмаймиз. Фарзандимиз тушунтирмоқчи бўлса, жаҳл билан бақирамиз. Ўйламаймизки, фарзандларимизнинг кичикроқ бўлса ҳам ўз дунёси ва қарашлари бор. Бу қарашлар кўпроқ бизнинг тарбиямиз ёки болага бўлган муносабатларимиз асосида шаклланишини ўйлаб кўрмаймиз. Дейлик, бола мактабда синфдоши билан уришди. Бунга нима сабаб бўлганлигини сўрадингизми? Балки у дўстига уй вазифасини кўчириб туришга бермагандир.

Бу ўйлаганимизчалик ёмон ҳолатмас. Чунки бола кимгадир йўқ дея олиши келажакда ўзини ҳимоя қила олиши, кимгадир тобе бўлмай, мустақил ҳаракат қила олишидан далолат. Биз бунинг асл сабабини сўраб, болага тўғри йўл кўрсатишимиз, уни кўчиришга бериб турмаганлиги тўғри ҳолат эканлиги, лекин дўстларни қўллашимиз,  қийин ҳолатларда ёрдам беришимиз кераклиги ва унга биргаликда ўртоғи билан дарс тайёрлаши мумкинлигини айтишимиз мумкин. Агар болага: «Бугун устозинг менга қўнғироқ қилди, мактабда уришипсан, нега уришасан, тинчгина юрсанг бўлмайдими?» -десангиз, бу бола руҳиятига қанчалик таъсир қилишини кўпчилигимиз ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Болангиз бирор айб қилса, жазолашга шошилманг. У шундай қилишига нима сабаб бўлганлигини сўранг. Балки у сизнинг маслаҳатингиз, қўллаб-қувватлашингизга муҳтождир, балки тўғри йўлни топишда қийналиб, зарур қарор чиқара олмаётгандир. Болангиз келажакда ҳар қандай вазиятда тўғри қарор қабул қила олиши, зиддиятли ҳолатларда ҳам ўзини муносиб тута билиши учун биз, ота-оналарнинг масъулиятимиз қанчалик муҳим эканлигини унутманг.

Мадина МАВРУЛОВА,

30-мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси.