ИСТАЛГАН АВТОМОБИЛЬ ТАРИХИГА ОИД МАЪЛУМОТЛАРНИ ОЛИШ МУМКИН
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2021 йил 24 июлдаги ПФ-6269-сонли Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2022 йил 1 майдан эътиборан «Автомобиль тарихи» маълумотларини шартномавий асосда Давлат хизматлари марказлари, ЯИДХП ёки веб-сайтлар ва уларнинг иловалари орқали аниқлаш бўйича давлат хизмати йўлга қўйилиши белгиланган бўлиб, бунда «Автомобиль тарихи» маълумотларини (давлат рўйхатидан ўтказилган сана, босиб ўтган масофаси, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузилганлиги, йўл-транспорт ҳодисаси содир этилганлиги ва бошқалар ҳақида) автомото-транспорт воситаларига берилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси орқали шартномавий асосда Давлат хизматлари маркази ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда – ЯИДХП) орқали аниқлаш давлат хизматини кўрсатиш йўлга қўйилиши белгиланган. Ариза берувчи томонидан Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган исталган «Автомобиль тарихи» маълумотларини олишга йўл қўйилади, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи, мудофаа ва давлат хавфсизлик хизмати соҳасидаги, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тегишли автотранспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар бундан мустасно.
Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун Марказга ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади. «Автомобиль тарихи» маълумотлари автотранс-порт воситасининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгиси, рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномаси серияси ва рақами асосида, шунингдек, «Автомобиль тарихи» ҳақидаги маълумотнома шахсга доир маълумотлар ошкор этилмаган ҳолда тақдим этилади (автотранспорт воситаси мулкдори томонидан ўз «Автомобиль тарихи»ни билиш учун йўлланган сўровномалар бундан мустасно).
Баҳромжон ҲАМИДОВ,
туман давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи.

