НЕЪМАТЛАР ШУКРОНАСИ

Диндошларим, мен сизларга бошимдан ўтган кичкина воқеани айтиб бермоқчиман. Жума куни эди, масжид имоми «Каф» сурасини тиловат қилётганди. Менинг хаёлимга бир нарса келди. Шунда Аллоҳни менга берган яхшиликларини санай бошладим. Дунёга келишимдан ҳозирги кунимгача бўлгани ёдимга тушгани жуда-жуда  кўп эди. Шунда ҳаво булут бўлиб, ёмғир томчилади.

Хаёлимда бир яхшиликка бир томчини тенгладим. Ўйлаб кўрсам, менга берилган яхшиликлар сонига ёмғир томчиларининг сони етмас экан. Шунда ёмғир томчиларига кўз ёшимнинг томчиларини қўшиб айтдимки: «Эй, Аллоҳим, Сенинг бу яхшиликларингни қай бирига шукр қилиб улгураман?»

Эй, диндошим. Сиз ҳам Аллоҳ берган яхшиликларга шукр қилиб улгуряпсизми ёки арзимаган нарсаларни деб умрингизни ҳасрат-надоматда ўтказяпсизми? Саломатлик катта неъмат деймизу, шукр қилмаймиз. Сиз ҳеч ногиронлар, кўзи ожизлар, шароити оғир инсонларни зиёрат қилганмисиз? Уларнинг кўплари доим шукр билан яшайди.

Энди бир ўйлаб кўрайлик, бизчи, шукр қиляпмизми? Таналаримиз соғлом, кўзларимиз кўряпти, шароитларимиз яхши. Акаларим, укаларим, опа-сингилларим, шунинг учун доим Аллоҳга шукр қилиб яшайлик. Шу юртда, яъни Ўзбекистонда яшашнинг ўзи бир катта бахт.

Мен сизларга шуни айта оламанки, Маккада, яъни Каъбатуллоҳда мен Ўзбекистонни соғиндим. Менинг она юртим – Ўзбекистон. Мен бунга шукр қилиб яшайман.

Авазхон АТАБОЕВ,

«Ахси» жоме масжиди мутаваллиси.