НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАРГА ТАЙИНЛАНАДИГАН НАФАҚА МИҚДОРИ ОШИРИЛАДИ ВА ЯНГИ НАФАҚА ТУРИ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

Мамлакатимиз раҳбарининг 2022 йил 17 февралдаги ПФ-74-сонли Фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 1 апрель санасидан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларга тайинланадиган нафақаларнинг миқдорлари бирхиллаштирилади ва доимий парваришлашга муҳтож ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилувчи шахсларга янги нафақа жорий этилади.

Амалдаги тартибга кўра, болаликдан ногирон бўлган шахсларга 622 минг сўм миқдорда нафақа тўланган. Ҳаёти давомида ногирон бўлиб қолган шахсларга эса 440 минг сўм нафақа берилган.

Фармонга асосан, эндиликда ногирон бўлиб қолиши муддатидан қатъи назар, ногиронлиги бўлган шахсларга бир хил миқдорда 622 минг сўмга тенг нафақа тайинланади. Ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдоридан паст бўлган ногиронлик пенсиялари миқдори ҳам 622 минг сўмгача етказилади.

Шунингдек, доимий парваришга муҳтож бўлган 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилувчи она (ота)ларга минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган миқдорда – 500 минг сўм ногирон бола парвариши учун янги нафақа жорий этилади. Ногирон бола парваришлаш нафақаси фуқароларнинг Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига қилган мурожаатлари асосида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади.

Ногиронлиги бўлган фарзандни парваришлаётган оналарнинг даромад келтирувчи фаолият юритиш имкони бўлмайди ва шу сабаб бундай оилаларнинг ижтимоий хатарларга заифлиги ошиб боради. Янги нафақа жорий этилиши натижасида ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оналар кафолатланган базавий даромад манбалари билан таъминланади.

Отабек МАҲМУДОВ,

туман БТПЖ ягона реестр ахборот тизими орқали давлат хизмати ва ёрдами тақдим этиш шўьбаси мудири.