ФУҚАРОЛАР МУРОЖААТЛАРИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ
Конституцияда ҳар бир шахс ўзининг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.
Демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим институти бўлган мурожаат қилиш ҳуқуқини самарали амалга ошириш фаолиятига таъсир кўрсатишини, балки бошқа ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлаш имкониятини ҳам яратади. Бу ҳуқуқдан фойдаланиш уларнинг ҳуқуқий муҳофазасини кучайтиради, бузилган ҳуқуқларни тиклашга ва қонунбузилишлари камайишига кўмаклашади, мансабдор шахсларнинг ўз ваколатларини суистеъмол қилишига ва бошқа салбий ҳолатларга қарши курашиш, давлат органлари томонидан уларга муайян ёрдам ҳамда қўллаб-қувватловни таъминлаш баробарида жамиятда инсон манфаатларини ишончли ҳимоялаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади.
Мурожаат қилиш ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун ва бошқа қонунлар ҳамда қонуности ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Биринчи навбатда, Конституциямизни асосий ҳужжат сифатида кўрсатиш мумкин. Унинг муқаддимасиёқ фуқароларнинг мурожаатлари учун норматив-ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Бош Қонунимизнинг 35-моддасида: «Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклиф ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт», -дея белгилаб қўйилган. Ушбу моддада белгиланган норма фуқаролар сиёсий ҳуқуқларининг таркибий қисми бўлмиш шахсларнинг давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига мурожаат қилиш қоидаларини белгилаш билан бирга, давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқи нафақат фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини қўриқлашнинг усули, балки давлат органлари устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш усули ҳамдир.
Мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда «Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови» деб номланган маърузасида инсон манфаатларини таъминлаш учун эса, аввало, одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак», деган фикрни билдириб ўтди.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадида 2016 йил 28 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.
Мазкур Фармон асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарларда (туманга бўйсинувчи шаҳарлардан ташқари) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ташкил этилди.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимининг такомиллаштирилиши мамлакатимиздаги барча давлат органларининг масъулиятини янада ошириб, келиб тушаётган ҳар бир мурожаатга алоҳида ёндашув билан қаралишини, йўл қўйилаётган қонунбузилиши ҳолатлари ўз вақтида бартараф этилишини таъминлайди.
Зокиржон ИСМАНОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими инспектори.

