ЯШИЛЛИККА БУРКАНАДИ

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси асосида 748500 туп манзарали, мевали ва бошқа турдаги дарахт кўчатлари ўтқазилиши режалаштирилган. Бу хайрли ташаббус барча маҳаллаларда давом этмоқда.

1-сектор ҳудудидаги Янгиер МФЙда лойиҳа доирасида кўчат ўтқазиш тадбирлари бўлиб ўтди.

-Маҳалла ҳудудидан ўтган темирйўл атрофидаги уч гектарга яқин бўш турган ерларда «Маҳалла ва ёшлар боғи»ни ташкил қиламиз, -деди туман ҳокими Шуҳрат Мусаев тадбир иштирокчиларига. -Бунда туманимиз ёшлари ва бир қатор ташкилот, муассасаларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз.

Эрта тонгдан туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси техникалари ёрдамида ерларни текислаш ишлари амалга оширилиб, кўчат ўтқазиш учун имкониятлар яратилди. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, туман ободонлаштириш бошқармаси, туман электр тармоқлари корхонаси томонидан мевали ва манзарали кўчатлар олиб келинди. Ёшлар ва маҳалла вакиллари кўчатларни ўтқазиб, яшилликка ҳиссаларини қўшдилар.

-Биз ҳам 2000 туп олхўри, 4 минг туп терак, 200 туп манзарали дарахт кўчатлари ўтқазамиз, -дейди «Порлоқ келажак осмон» фермер хўжалиги иш юритувчиси Баҳодир Қўчқоров.

Умархон ОТАБОЕВ,

туман Кенгаши депутати.