АЛЛЕРГОЛОГИЯ МАРКАЗИ ШИФОКОРЛАРИ УЙЧИДА
Хабарингиз бор, айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг иккинчи ишчи гуруҳи Наманган вилоятида бўлиб турибди. Таниқли шифокорлар, олим ва мутахассислардан иборат гуруҳ соҳа ишини янада ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини муттасил ошириш бўйича зарур амалий кўмаклар бермоқда. Бинобарин, Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази вакилларининг фаолияти, айниқса, диққатга сазовор.
Аллергология маркази бош шифокори Ғайрат Қўзиев бошчилигидаги гуруҳ аллергология маркази мутахассиси Анвар Акромов билан бирга Уйчи туманидаги КТМПда беморларни тиббий кўрикдан ўтказди, нафас фаолиятини баҳолаш учун синамалар ўтказди.
Жойларда «хонадонбай» тамойили асосида аллергик касалликлари бор бўлган, 1-гуруҳ ногиронлиги мавжуд, оғир аҳволдаги беморлар бориб кўрилмоқда, аҳоли саломатлиги, уларни қийнаётган тиббиётга доир муаммолар ўрганилмоқда, фуқаролар ўртасида соғлом турмуш тарзига амал қилиш, жумладан, касалликлар профилактикаси бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Шифокорлар Беруний МФЙда, Навоий МФЙнинг «Маданият» кўчасида бўлишди. 1-гуруҳ ногиронлиги, ревматологик деформациялари ва аллергик касалликлари бор бўлган оғир беморлар кўрикдан ўтказилди. Оилавий шароити ўта оғир бўлган беморларда стационар даволанишга муҳтож бўлган беморлар аниқланди. Хонадон аъзолари билан соғлом турмуш тарзини шакллантириш юзасидан суҳбатлашилди. Мулоқот чоғида тўғри овқатланиш, жисмоний фаолликни ошириш, ҳовлида тозаликни сақлаш, болаларни гигиена талабларига риоя этишга одатлантириш бўйича маслаҳатлар берилди. Турли даволаш масканларига даволаниш учун йўлланмалар берилиши айтилди.

