БАРВАҚТ ОЛДИНИ ОЛАЙЛИК
Безгак касаллиги – трансмиссив, яъни анофелис безгак чивинларининг чақиши орқали тарқаладиган касаллик. Иситма тутиши, қонда жиддий ўзгаришлар содир бўлиши, камқонлик, жигар ва талоқнинг катталашуви билан кечади. Безгак касаллигини қўзғатувчиси плазмодийлари тўрт хил, шунга кўра унинг уч кунлик, тўрт кунлик, тропик ва Африка хиллари бор. Безгак плазмодийси безгак чивини ва одам организмида кўпайиб, ривожланади. Касаллик манбаи бемор ва бошқа(лар) чивин (асосан, урғочиси) ҳисобланади. Безгак плазмодийси безгак билан оғриган бемор организмида жинссиз (шизогония), касалликни ташиб юрувчи – анофелис чивини танасида эса жинсий йўл билан ривожланади. Касаллик соғлом одамга чивин чаққанда, одам организмига унинг сўлаги орқали қўзғатувчилар тушганда юқади.
Касаллик тўсатдан бошланади: беморни иситма тутиб, жунжийди, қалтирайди, кейин қалтираш босилиб, ҳарорат кўтарилади (41 – 41,5О), бемор бўриқиб, қизариб кетади, нафас олишга қийналиб, ҳаллослайди, боши қаттиқ оғрийди. Иситма бир неча соат тутади. Сўнгра ҳарорати тез пасайиб, баъзан бир маромга тушади, шу пайт бемор қаттиқ терлайди, эртасига ўзини соғлом ҳис қилади. Иситма тутаётган беморнинг қони текширилганда, безгак плазмодийларини топиш мумкин. Бемор ўз вақтида даволанмаса ёки чала даволанса, безгакка бошқа касалликлар қўшилади. Безгакнинг оғир шакли билан оғриганларда, шунингдек, болаларда кома ҳолати, баъзан ўлим юз бериши мумкин.
Бемор барвақт тўғри даволанганда соғлигига путур етмайди, ундан атрофдаги кишиларга безгак чивинлари орқали касаллик юқиш эҳтимоли йўқолади. Безгак чивини кўп учрайдиган жойларда ҳимоя кийим-боши ва чивинни келтирмайдиган дори воситаларидан фойдаланиш лозим.
Сабохон ОРТИҚОВА,
туман СЭО ва ЖСХ паразитология бўлими мудири,
Аъзамжон ЮЛДАШЕВ,
олий тоифали паразитолог врач ёрдамчиси.

