КЕЛИННИНГ ДУОСИ
Азиз муслима опа-сингилларим! Сизлардан илтимосим, гапимнинг бошида бир нарсани айтиб бермоқчиман. Биринчи фарзандим қиз эди, ёши ўн саккизда. Бир куни ишдан уйга келсам, қизим югуриб келди. Кўзлари чақнар эди. У хурсанд, менга қараб: -Дадажон, ўзим нон ёпдим, -деб, мени саватда нон турган хонага бошлади. Нонлар чиройли пишган эди. Мен қизимга: -Баракалла, -деб кўнглини кўтариб қўйдим. Шу воқеадан бир ҳафталардан сўнг уйимизга қизимни сўраб совчилар кела бошлашди. Хаёлимдан шу нарса ўтдики, қиз боланинг қўлидан иш келиши билан турмушга бериб юборилар экан.
Опа-сингилларим, ўзи ҳали ҳузурини кўрмай, қўлидан бир пиёла чой ичмай, сизга келин қилиб берган қизини қадрлаяпсизми? Сиз ҳам ўз қизингизни бериб юборасиз. Қизингизни кўзингиз тўрт бўлиб кутасиз. Қуда холанинг ҳам қизини кутишини ўйлайсизми? Уйингизга қизингиз келса, қош-қовоғига қараб, хавотирда ҳол сўрайсиз. Қизингиз ўша оилада бахтли бўлишини хоҳлайсизу ўз уйингиздаги келинга бахт беряпсизми? Опа-сингилларим, ёш келинларни, бу ёш ниҳолларни чиройли парвариш қилиб, жамиятда бахтли оилалар кўпайишига ҳисса қўшайлик. Оилангизга келган келин сизнинг ўғлингиз ва оилангизга омонатдир. Омонатга хиёнат қилманг. Сиз қизингизни қандай ардоқлаб катта қилган бўлсангиз, келиннинг онаси ҳам шундай ардоқлаган эмасми?
Қиёмат кунида келиннинг юриш-туришига, очу тўқлигига, соғлигига, тоат-ибодатига жавоб беришингизни унутмадингизми? Ҳовлингизни тўлдириб, кўнглингизни кўтариб, кўчадан келсангиз қаршингизга югурадиган набираларингизнинг онаси кимлигини унутмадингизми? Танангизда тўққиз ой кўтариб, еру кўкка ишонмай, ардоқлаб катта қилган ўғлингизнинг хизматини ким қиляпти, унутмадингизми? Ҳар биримиз дунёдан бир кун ўтиб кетамиз, ўша кунда онажонимдан айрилиб қолдим деб йиғлашларини, Аллоҳим раҳматингга ол, деб эслашларини хоҳламайсизми?
Агар хоҳласангиз, ҳаракат қилинг, ҳали эрта. Опа-сингилларим, менинг сўзларимдан хафа бўлманг, келинларнинг дуосини олиб яшаш ҳаммамизга насиб этсин. Бу дунёда сиздан фақат яхшилик қолсин.
Авазхон АТАБОЕВ,
«Ахси» жоме масжиди мутаваллиси.

