МАҲАЛЛА УЧУН ДАРОМАД МАНБАИ

Иқлим ўзгариши таъсирига қарши курашиш, одамларни ихтиёрий равишда бирлаштириш орқали қулай атроф-муҳит шароитларини яратиш, яшил майдонларни кўпайтириш мақсадида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирлар давом эттирилмоқда.

Туманимизда 1,5 миллион туп терак қаламчаси ҳамда 50 минг туп терак кўчати ўтқазилиши режалаштирилган. Шу мақсадда туман марказидаги «Пахтакор» ўйингоҳида ташкил этилган акцияда тумандаги мавжуд 56 та МФЙ, ташкилот, корхона ва муассасалар фаол қатнашдилар.

Акцияда туман ҳокими Шуҳрат Мусаев, сектор раҳбарлари, Халқ қабулхонаси, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш туман бўлими, «Маҳалла» ХЖФ туман бўлинмаси, сиёсий партиялар вакиллари иштирок этдилар.

Ўйингоҳга 500 минг туп терак қаламчаси, 50 минг туп терак кўчати келтирилди. Қаламча ва кўчатлар ортилган машиналар карвони йўлга чиқди. Ушбу карвон ҳар бир маҳалла ҳудудидан ажратилган бўш, фойдаланилмай турган майдонлар томон йўл олди. Бу ерда маҳалла хотин-қизлар фаоллари, нуронийлар, ёшлар вакиллари иштирокида қаламча ҳамда кўчатлар ўтқазилди.

Қўрғонча МФЙ ҳудудида жойлашган «Биродарлик» қабристонидаги бўш турган 70 сотих ер майдони Қўрғонча ҳамда  Умид МФЙларига ажратиб берилди. Бу ерда улар 200 минг туп терак қаламчаси, 12 минг туп терак кўчати ўтқазишмоқда. Умумхалқ ҳашарига туман ФВБ, ИИБ жамоалари ҳам ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.

Яшил майдонларни кўпайтириш, маҳалла фуқаролар йиғинларининг даромад манбаини яратиш мақсадида қўшимча режа белгиланиб, жорий йилнинг 26 мартидан 6 апрель кунига қадар 56 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги фойдаланилмай турган ер ва қабристон атрофларидаги жами 96,4 гектар майдонга 584 минг 500 туп терак кўчати ўтқазилди.

Терак қаламчаларини ўтқазиш бўйича 8,9 гектар ер участкасига бугунги кунга қадар 1 млн. 562 минг туп  ўтқазилишига эришилди.

Абдулҳофиз СОБИТОВ,

туман Кенгаши депутати.