СОҒЛОМ ТУРМУШ САРИ
Аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтириш ва сифат самарадорлигини ошириш мақсадида туманимиздаги 12 та муассаса фаолияти ўрганилди, уларнинг барчасида шифокор олди кўрик хонаси ташкил этилиб, энг зарур асбоб-ускуналар, тегишли меъёрий ҳужжатлар ва тарқатма материаллар билан таъминланди, тиббий ходимларнинг вазифалари тушунтирилди.
Шифокор олди кўрик хонасида 40 ва ундан катта ёшдаги аҳолини юқумли бўлмаган касалликлар хавф омилларини аниқлаш бўйича скринингдан ўтказиш йўлга қўйилди, махсус саволномалар ва «Мобиль илова» билан таъминланди. 62989 нафар 40 ва ундан катта ёшдаги аҳолининг апрель ойида (6998 нафар) ва йил якунига қадар скринингдан ўтказиш тармоқ режаси маҳаллалар кесимида тузилди ва тасдиқланди. 12 та амбулатор-поликлиника муассасасида 2 тадан 8 тагача кундузги шифохона ўринлари ташкил этилди. Амбулатор даволаниш учун бериладиган бепул дори-дармонлар беришни осонлаштириш бўйича аҳоли учун қулай бўлган махсус хоналар ташкиллаштирилмоқда.
Туманимиздаги 56 та маҳалладан 168 нафар уйда нафақада бўлган фаол аёл танлаб олиниб, маҳалланинг «Саломатлик мактаби» шакллантирилди. Ушбу аёллар билан тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик асослари, кун тартибини ташкиллаштириш, шахсий ва хонадон гигиенаси қоидалари, зарарли одатлардан ҳоли бўлиш каби мавзуларни қамраб олган 18 соатлик семинар ўтказилиши бошланди. Худди шундай тумандаги 50 дан зиёд давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари ўрта тиббиёт ходимлари ва тарбиячилари ҳамда 46 та ўрта таълим мактабларининг ўрта тиббиёт ходимлари ва психологлари учун «Соғлом турмуш тарзи асослари: «Тоза қўллар учун», «Жозибадор табассум» ва «Соғлом овқатланиш асослари» мавзусида семинар ўтказилди. Жорий йил 1 апрелдан бошлаб тумандаги барча мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, ўрта таълим мактабларининг бошланғич синф ўқувчилари орасида қўлларни тўғри ювиш қоидаларига ўргатиш бўйича машғулотлар ўтказилиши йўлга қўйилди.
Дилором МАМАТХОНОВА,
вилоят ССБ аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими мутахассиси,
Аҳмаджон ЮСУПОВ,
туман аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими мудири.

