ЧЕГАРА ТАНЛАМАС ИЛЛАТ

2020 йил 17 август куни мамлакатимиз раҳбари томонидан янги таҳрирдаги «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 2008 йил 29 августда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни маъқулланиб, амалдаги Жиноят кодекси 135-моддасининг янги таҳрири қабул қилинди ва ушбу модда мазмун ва моҳият жиҳатдан тубдан такомиллаштирилди. Ушбу модданинг аввалги номи «Одамлардан фойланиш учун уларни ёллаш» деган таҳрирда белгиланганди. Жиноят кодекси 135-моддасининг аввалги таҳририда фақатгина одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган одам савдоси билан боғлиқ жиноий қилмишларнинг барчасини комплекс тарзда қамраб олмас эди. Шу сабабли у шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини тўлиқ муҳофаза қилишга имкон бермасди.

2019 йил мобайнида чақалоқлар савдосида воситачиларнинг 32 фоизи тиббиёт ходимлари эканлиги аниқланган. Шунингдек, чақалоқ сотиш сабаблари ўрганилганда, 9 таси айбини яшириш, 10 таси моддий манфаат учун эканлиги маълум бўлган. 2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 2018 йилга нисбатан 22 фоизга камайган, бироқ чақалоқлар савдоси 38 фоиздан 43 фоизга ошган. Мазкур йўналишдаги жиноятлар 72 киши томонидан амалга оширилган бўлса, уларнинг 62 нафари (86 фоизи) аёллардир.

Мамлакатимизда олиб борилаётган барча ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини олий қадрият сифатида эъзозлашдир. Шундай экан, трансмиллий хусусият касб этган, яъни ҳудуд ва чегара танламас жирканч иллат – одам савдосига қарши кескин кураш олиб бориш барчамизнинг муҳим вазифамиздир.

Б.ОБИДОВ,

жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси.