ТИББИЁТ ҲОДИМЛАРИГА УСТАМАЛАР

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 276-сонли қарорига 2-илова сифатида “Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисида” Низом қабул қилинган. Ушбу низомда тиббиёт ва фармацевтика ходимларига қўшимча ҳақ тўлаш тартиблари қуйидагича белгиланган:

Мазкур Низом:

-давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича тариф сеткасига мувофиқ (кейинги ўринларда «тариф сеткаси» деб юритилади), уларни молиялаштириш манбаларидан қатъи назар мазкур Низомга 1-иловада кўрсатилган давлат муассасаларининг тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган қўшимча тўлов, устамалар ва рағбатлантирувчи хусусиятга эга бўлган бошқа тўловларни тўлашнинг ягона принсипларини белгилайди;

-мазкур Низом 1-иловада кўрсатилган давлат муассасаларининг нотиббиёт мутахассисларига (биологлар, зоологлар ва паразитологлар ҳамда мутахассисларнинг бошқа тоифаларига) нисбатан ҳам қўлланилади;

-Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2003 йил 26 февралдаги ПФ–3214-сон Фармони билан ташкил этилган республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларига татбиқ этилмайди;

-бюджет ташкилотлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича Ягона тариф сеткаси асосида ҳақ тўланадиган соғлиқни сақлаш муассасаларининг ишчи ва хизматчиларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Давлат муассасалари режали бюджет маблағлари доирасида устамалар, қўшимча тўловлар ва рағбатлантирувчи хусусиятга эга бўлган бошқа тўловлар миқдорларини белгиланган тартибда белгилайди. Бунда ходимларнинг малакаси ва улар томонидан бажариладиган ишларнинг мураккаблиги тариф сеткаси асосида белгиланадиган лавозим маошлари (ставкалар) миқдорларида ҳисобга олинган.

Ходимларга тариф ставкалари, қўшимча тўлов ва устамалар миқдорларини ўзгартириш:

-Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига мувофиқ энг кам ойлик иш ҳақи миқдори ўзгарганда — ушбу Фармон кучга кирган ойдан бошлаб;

-«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» фахрий унвони берилганда — фахрий унвон берилган кундан бошлаб;

-малака тоифаси берилганда — ҳузурида аттестация комиссияси ташкил этилган орган (муассаса)нинг буйруғига мувофиқ;

-илмий даража берилганда — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг диплом бериш тўғрисидаги қарори чиққан кундан бошлаб;

-стаж учун устама миқдорини кўпайтириш ҳуқуқини берадиган стажнинг узлуксизлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлганда — стажнинг узлуксизлиги тўлган кундан бошлаб амалга оширилади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг тариф ставкаларига қўшимча тўловлар

Соғлиқни сақлаш муассасаларининг таркибий бўлинмаларига мудирлик қилганлик учун врачларга:

-штатида врачлар лавозими 6 тагача бўлганда — ойига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида;

-штатида врачлар лавозими 6 тадан ортиқ бўлганда — ойига энг кам ойлик иш ҳақининг 70 фоизи миқдорида қўшимча тўлов белгиланади.

Кабинетларга мудирлик қилганлик учун врачларга ойига энг кам ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида қўшимча тўлов белгиланади.

Туман, туманлараро ва шаҳар ТМЭКларининг раислари бўлган врачларга комиссияга раҳбарлик қилганлик учун ойига энг кам ойлик иш ҳақининг 70 фоизи миқдорида қўшимча тўлов белгиланади.

Қишлоқ врачлик пунктлари филиал (бўлим)ларига мудирлик қилганлик учун врачлар, фелдшерлар, акушеркалар, тиббиёт ҳамшираларига ойига энг кам ойлик иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида қўшимча тўлов белгиланади.

Врачлик мутахассислиги бўйича тегишли тоифага эга бўлган тиббиёт муассасалари раҳбарларига, уларнинг ўринбосарлари — врачларга:

-олий малака тоифаси мавжудлиги учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида;

-биринчи малака тоифаси мавжудлиги учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида қўшимча тўлов белгиланади.

Тиббиёт муассасаларининг мутахассислиги бўйича тегишли тоифага эга бўлган бош тиббиёт ҳамшираларига:

-олий малака тоифаси мавжудлиги учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида;

-биринчи малака тоифаси мавжудлиги учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов белгиланади.

Муассасалар раҳбарларига ва уларнинг ўринбосарлари — врачларга, шунингдек тегишли равишда врачлик ва провизорлик лавозимларини эгаллаб турган врачлар ва провизорларга, номларидан қатъи назар, ҳамда илмий даражага эга бўлган:

-тиббиёт ва фармацевтика фанлари доктори илмий даражасига эга бўлганлиги учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 70 фоизи миқдорида;

-тиббиёт ва фармацевтика фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлганлиги учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 45 фоизи миқдорида қўшимча тўлов белгиланади.

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» фахрий унвони учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 1,6 баравари миқдорида қўшимча тўлов белгиланади.

Турғун типдаги муассасалар ходимларига тунги вақтда ишлаганлиги учун эгаллаб турган лавозими бўйича лавозим маоши тариф ставкаси ҳисоб-китобидан келиб чиқиб тунги вақтда ишланган ҳар бир соат учун соатбай тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ тўланади.

Олий маълумотга эга бўлган тиббиёт ҳамшираларига тариф ставкасининг 10 фоизи миқдорида қўшимча тўлов белгиланади.

Бош тиббиёт ҳамшираларига тариф ставкасининг 5 фоизи миқдорида қўшимча тўлов белгиланади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг тариф ставкаларига устамалар

Алоҳида муассасалар, бўлинмалар ва лавозимларда узлуксиз иш стажи учун устамалар:

-шошилинч тиббий ёрдам хизматининг врачларига, ўрта ва кичик тиббиёт ходимларига: узлуксиз ишланган биринчи уч йил учун ҳамда ҳар бир кейинги икки йил учун тариф ставкасига нисбатан 10 фоиздан миқдорда белгиланади, устаманинг энг кўп миқдори — 30 фоиз;

-шошилинч тиббий ёрдам хизматининг олий маълумотга эга бўлган тиббиёт ҳамшираларига: узлуксиз ишланган стажнинг биринчи уч йили учун ҳамда ҳар бир кейинги икки йил учун тариф ставкасига нисбатан 10 фоиздан миқдорда белгиланади, устаманинг энг кўп миқдори — 40 фоиз»;

-қишлоқ врачлик пунктлари врачларига, қишлоқ жойлардаги амбулаториялар ва участка касалхоналари врачларига узлуксиз ишланган биринчи уч йил учун ва ҳар бир кейинги икки йил учун тариф ставкасига нисбатан 10 фоиздан миқдорда белгиланади, устаманинг энг кўп миқдори — 50 фоиз;

-поликлиникаларнинг ҳудудий участкалари участка терапевтларига, ўсмирлар врачларига, участка педиатрларига ва участка тиббиёт ҳамшираларига, поликлиникалардаги терапия ва педиатрия бўлимлари мудирларига: узлуксиз ишланган биринчи уч йил учун ва ҳар бир кейинги икки йил учун тариф ставкасига нисбатан 10 фоиздан миқдорда белгиланади, устаманинг энг кўп миқдори — 40 фоиз;

-тез ёрдам хизмати ва санитария авиациясининг кўчма бригадалари катта врачлари, врачлари ва ўрта тиббиёт ходимларига: узлуксиз ишланган биринчи уч йил учун ва ҳар бир кейинги икки йил учун тариф ставкасига нисбатан 10 фоиздан миқдорда белгиланади, устаманинг энг кўп миқдори — 30 фоиз;

-ўлатга қарши муассасаларнинг ва алоҳида хавфли юқумли касалликларга қарши кураш олиб бориш муассасаларининг таркибий бўлинмалари ходимларига: узлуксиз ишланган биринчи уч йил учун ва ҳар бир кейинги икки йил учун тариф ставкасига нисбатан 10 фоиздан миқдорда белгиланади, устаманинг энг кўп миқдори — 80 фоиз;

-лепрозория муассасалари ва таркибий бўлинмаларининг ходимларига узлуксиз иш стажи учун: 3 йилдан 5 йилгача бўлганда тариф ставкасининг 15 фоизи; 5 йилдан 10 йилгача бўлганда — тариф ставкасининг 25 фоизи; 10 йилдан ортиқ бўлганда — тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Врачларга, ўрта ва кичик тиббиёт ходимларига, шунингдек соғлиқни сақлаш барча муассасалари фармацевтика ходимларига қуйидаги устамалар:

-узлуксиз иш стажи 5 йилдан 10 йилгача бўлганда — тариф ставкасининг 5 фоизи миқдорида;

-узлуксиз иш стажи 10 йилдан 15 йилгача бўлганда — тариф ставкасининг 10 фоизи миқдорида;

-узлуксиз иш стажи 15 йилдан 20 йилгача бўлганда — тариф ставкасининг 15 фоизи миқдорида, олий маълумотга эга бўлган тиббиёт ҳамширалари учун эса тариф ставкасининг 20 фоизи миқдорида;

-узлуксиз иш стажи 20 йилдан ортиқ бўлганда — тариф ставкасининг 20 фоизи миқдорида белгиланади, соғлиқни сақлаш муассасалари ходимларининг мазкур Низомнинг 24-бандида кўрсатилган алоҳида тоифалари бундан мустасно, олий маълумотга эга бўлган тиббиёт ҳамширалари учун эса тариф ставкасининг 30 фоизи миқдорида.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг мутахассислиги бўйича узлуксиз ишлаганлиги учун устама олиш ҳуқуқини берадиган иш стажини ҳисоблаб чиқиш тартиби мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ белгиланади.

Маслаҳатлар берганлиги учун врачлар меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш:

-профессор, тиббиёт фанлари доктори илмий даражасига эга бўлганда — тариф ставкасининг 3 фоизи миқдорида;

-доцент, тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлганда — тариф ставкасининг 2 фоизи миқдорида;

-илмий даражага эга бўлмаган врачга — тариф ставкасининг 1 фоизи миқдорида белгиланади.

Ходимларнинг тариф ставкаларига устамалар ва қўшимча тўловлар миқдори тариф ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини меҳнатга виждонан муносабати ва кўрсатилаётган тиббий ёрдамнинг юқори сифати учун тариф ставкасига ҳар ойлик устамалар белгилаш йўли билан моддий рағбатлантириш ва тақдирлаш, уларга мукофотлар бериш ва бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш Тиббиёт муассасасининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга 2-илова “Соғлиқ учун хавфли ва меҳнат шароитлари ўта хавфли бўлганлиги муносабати билан уларда ишлаш ходимлар тариф ставкаларига қўшимча тўлов белгилаш ҳуқуқини берадиган муассасалар ва уларнинг бўлинмалари, шунингдек лавозимлар рўйхати” берилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

Соғлиқ учун хавфли ва меҳнат шароитлари оғир бўлган, уларда ишлаш ходимларнинг тариф ставкасига 15 фоиз миқдорида қўшимча тўлов белгилаш ҳуқуқини берадиган муассасалар, бўлинмалар

Уларда ишлаш схемали лавозим (ойлик) маошлари (ставкалари)ни 15-25 фоизга ошириш ҳуқуқини берадиган муассасалар ва уларнинг бўлинмалари

Уларда ишлаш схемали лавозим (ойлик) маошлар (ставкалар)ни 25 фоизга ошириш ҳуқуқини берадиган, соғлиқ учун ўта хавфли ва меҳнат шароитлари ўта оғир бўлган муассасалар, бўлинмалар ва лавозимлар

Уларда ишлаш схемали лавозим (ойлик) маошларини (ставкаларини) 30 фоизга ошириш ҳуқуқини берадиган, соғлиқ учун ўта хавфли ва меҳнат шароитлари ўта оғир муассасалар, бўлинмалар ва лавозимлар

Ушбу Рўйхатнинг I ва III бўлимларида назарда тутилган икки ва ундан кўп асослар бўйича схемали лавозим маошларини 40 фоизга ошириш ҳуқуқини берадиган шароитлар мавжудлиги муносабати билан уларда ишлаш схемали лавозим (ойлик) маошларини (ставкаларини) ошириш ҳуқуқини берадиган муассасалар, бўлинмалар ва лавозимлар

Уларда ишлаш схемали лавозим (ойлик) маошларини (ставкаларини) 35 фоизга ошириш ҳуқуқини берадиган муассасалар ва уларнинг бўлинмалари

Уларда ишлаш схемали лавозим (ойлик) маошларини (ставкаларини) 75 фоизга ошириш ҳуқуқини берадиган, ОИТСга чалинган беморларни даволаш учун мўлжалланган муассасалар ва уларнинг бўлинмалари

Уларда ишлаш ҳар бир иш соати учун соатбай тариф ставкасини (маошини) 50 фоизга ошириш ҳуқуқини берадиган, ОИТСга ва ОИВ инфекциясига чалинган беморлар билан бевосита контактда бўладиган соғлиқни сақлаш муассасалари ва уларнинг таркибий бўлинмалари

Тиббиёт ёки фармацевтика ходимлари юқорида кўрсатилган устама, қўшимча тўлов ва имтиёзлардан фойдаланиши учун алоҳида тартибда мурожаат қилиш талаб этилмайди. Низомда белгиланган шартлар мавжуд бўлганда устама, қўшимча тўлов ва имтиёзлар автоматик равишда тўланиши керак. Аммо “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвони берилганда, малака тоифаси берилганда, илмий даража берилганда, стаж учун устама миқдорини кўпайтириш ҳуқуқини берадиган стажнинг узлуксизлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар олинганда, ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатнинг асли ёки нусхаси иш берувчига тақдим этилиши керак. Низомда кўрсатилган шартлар мавжуд бўлса-ю, аммо тиббиёт ёки фармацевтика ходими юқорида кўрсатилган устама, қўшимча тўлов ва имтиёзлардан фойдаланмаётган бўлса, ходим ишлайдиган муссаса иш берувчисига мазкур ҳолат бўйича мурожаат қилиши ва ўз ҳуқуқларини талаб қилиши керак. Иш берувчига қилинган мурожаат натижа бермаса, юқори турувчи орган ёки мазкур муассаса жойлашган туман судига мазкур ҳолат бўйича мурожаат қилиш лозим.

И.РАҲИМОВ,

туман Адлия бўлими бош юристконсулти.