МАЪМУРИЙ ИСЛОҲОТЛАР
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг муҳим шарти ҳисобланган самарали фаолият юритувчи бошқарув тизимини шакллантириш бўйича кенг кўламли маъмурий ислоҳотлар амалга оширилди.
Жумладан, давлат органларининг соҳага оид бўлмаган вазифаларини қисқартириш ва фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали уларнинг тузилмаси ўртача 15 фоизга мақбуллаштирилди, шунингдек, 26 та давлат органлари ва ташкилотларида 40 та раҳбар ўринбосарлари лавозимлари қисқартирилди.
Давлат органлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш ҳисобидан бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тизимини яхшилаш мақсадида 30 га яқин турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди, 70 дан зиёд давлат хизматлари соддалаштирилди, давлат ташкилотлари томонидан 60 дан ортиқ ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди.
«Электрон ҳукумат» тизимининг фойдаланувчилари сони 4 миллиондан ошиб, у орқали давлат идораларининг 130 дан ортиқ ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари яратилди. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида қарийб 350 турдаги хизматлар онлайн шаклда кўрсатилиши йўлга қўйилди.
Янги Ўзбекистон шароитида замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам давлат бошқаруви тизимини шакллантириш, қарор қабул қилиш ва масалани кўриб чиқиш жараёнларини соддалаштириш орқали давлат органлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш ҳамда улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш, шунингдек, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури ижросини таъминлаш мақсадида, 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (кейинги ўринларда — Вазирлар Маҳкамаси /Ҳукумат) аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Вазирлар Маҳкамасининг таркибий тузилмаларидан мустақил равишда Бош вазир Билан тўғридан-тўғри ишлаши тизими жорий этилмоқда. Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги кенгашининг Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларининг биринчи босқичи доирасида 2023 йил 1 январдан бошлаб мустақил фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органларининг сонини 61 тадан 28 тагача, шу жумладан вазирликлар сонини 25 тадан 21 тагача қисқартириш бўйича таклифи маъқулланди.
Вазирлар Маҳкамаси тизимини қуйидаги вазирликлар ташкил этади:
-инвестициялар, саноат ва савдовазирлиги;
-иқтисодиёт ва молиявазирлиги;
-тоғ-кон саноатива геология вазирлиги;
-қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги;
-камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги;
-олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги;
-мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги;
-табиат ресурслари вазирлиги;
-ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги;
-қишлоқ хўжалиги вазирлиги;
-сув хўжалиги вазирлиги;
-рақамли технологиялар вазирлиги;
-адлия вазирлиги;
-транспорт вазирлиги;
-маданият ва туризм вазирлиги;
-мудофаа вазирлиги;
-энергетика вазирлиги;
-соғлиқни сақлаш вазирлиги;
-ташқи ишлар вазирлиги;
-ички ишлар вазирлиги;
-фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Ушбу Фармон билан 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (кейинги ўринларда — Вазирлар Маҳкамаси /Ҳукумат) аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Вазирлар Маҳкамасининг таркибий тузилмаларидан мустақил равишда Бош вазир Билан тўғридан-тўғри ишлаши тизими жорий этилди. Фармонда белгиланишича, Ҳукумат аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органи раҳбари тегишли соҳада ягона давлат сиёсатини олиб бориш ва уни ривожлантириш бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун масъул ва жавобгар ҳисобланади, тизимдаги кадрлар сиёсатининг Вазирлар Маҳкамаси аппаратидан мустақил равишда давлат хизмати тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ юритилишини таъминлайди.
Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар бўйича котибиятлар, департаментлар ва улар ҳузуридаги бўлимлар, шунингдек , Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўлими тугатилиши, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида:
Бош вазирнинг 4 нафаргача ўринбосарлари лавозими;
Ҳукумат раҳбари фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва протокол жиҳатдан таъминлайдиган Бош вазир котибияти ташкил қилиниши белгилаб қўйилди.
Иқболжон ДАВРОНОВ,
туман юридик хизматлар кўрсатиш маркази бош юрисконсульти.

