СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ САРИ
Кейинги йилларда соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантиришга кенг эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир оила, маҳалла ва туманда, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида ҳамда бошқа ташкилотларда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишга шарт-шароитлар яратиш, оммавий спортни ривожлантириш бўйича оилалар, синфлар, меҳнат жамоалари ва ҳудудлар ўртасида спорт мусобақаларини мунтазам равишда ўтказиш, аҳоли турли гуруҳларининг соғлом овқатланишга бўлган эҳтиёжларини қондиришни таъминлайдиган шарт-шароитлар яратишга киришилгани ҳам бежиз эмас. Бу борада туман халқ таълими бўлимига қарашли таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган педагог ва ходимлар ўртасида спорт билан шуғулланишни кенг тарғиб қилиш, уларнинг саломатлигини тиклашга кўмаклашиш, спортнинг оммавийлигини ошириш мақсадида кенгашимиз ташаббуси билан ўтказилган «Спартакиада – 2022» спорт мусобақаси ҳам ёрқин мисол бўла олади.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида меҳнат фахрийси Акбаржон Нишонов, 6-мактаб директори Шуҳратжон Муродов, ТТБнинг АСТТКК ва ЖФО бўлими бошлиғи Аҳмаджон Юсупов самимий тилаклар билдиришди.
1, 6, 36-мактаблар спорт залларида ташкил қилинган мусобақа ғоятда қизиқарли баҳсларга бой бўлди. Спортнинг волейбол, баскетбол, стол тенниси, шахмат турлари бўйича беллашувларда 400 нафар таълим соҳаси фидойилари ўзаро беллашдилар.
«Спартакида – 2022» якунига кўра шахматдан 1-ўрин Рустамжон Абдуллаев, Муҳаббат Эргашева (9, 27-мактаблар), 2-ўрин Анваржон Иброҳимов, Назокат Мирзаева (4, 14-мактаблар), 3-ўрин Абдулҳаким Нишонов, Дилфуза Солиева (29, 33-мактаблар)га насиб этди.
Стол теннисидан биринчи ўринни Авазбек Охундадаев, Умида Сайдуллаева (1, 7-мактаблар) эгаллашди. Кейинги ўринларни Сардор Усмонов, Дилобар Отамирзаева (16, 22-мактаблар), Аъзамжон Отаматов, Нодира Раҳимова (4, 12-мактаблар) банд этишди.
Волейбол бўйича аёллар ўртасида 1-ўрин «Ғайрат», 2-ўрин «Ровот», 3-ўрин «Ёрқўрғон» жамоаларига насиб қилди. Эркаклар ўртасида баҳсларда «Ровот» жамоаси биринчи, «Ғайрат» ва Уйчи шаҳарчасидаги мактаблар жамоалари иккинчи, учинчи ўринларга даъвогарлик қилишди.
Баскетболда эркаклар ўртасида 1-ўрин Уйчи шаҳарчасидаги мактаблар жамоасига, 2-ўрин «Ёрқўрғон», 3-ўрин «Ровот» жамоаларига насиб этди. Мусобақа якунида барча ғолиб ва фаол иштирокчиларга диплом, эсдалик совғалари топширилди.
Мирзамаҳмуд ТЎХТАБОЕВ,
таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман бўлинмаси кенгаши раиси.

