ИНСОН ҚАДРИ УЧУН
2022 йил – «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этиш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб бериш энг муҳим вазифа этиб белгилангани ҳам бежиз эмас. Бу мақсадга эришиш учун эса дунёдаги ноёб демократик тузилма бўлган маҳалла институтининг катта имкониятларидан самарали фойдаланиш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, натижада маҳаллани жамиятнинг ҳал қилувчи бўғинига айлантириш вазифаси қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Барно Мирзамова ўз сайлов округида бўлиб, хонадонбай ўрганишларда бўлди, маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Рамазон ҳайити муносабати билан бемор, ёлғиз қариялар, ногиронлиги бор, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиб, уларнинг мурожаатларини тинглади.
Ҳуррият МФЙда яшовчи Назира Дадамирзаеванинг уй-жой қурилиши, Шифокор МФЙда яшовчи Ғуломжон Эшохўжаев қандли диабет касаллигига чалингани ва даволаниши учун шифохонага йўлланма сўраб, Обод МФЙда истиқомат қилувчи Маъмура Жўраеванинг бир нафар ногирон фарзандини даволатиш масаласидаги мурожаати назоратга олинди. Навоий, Янгичек, Обод МФЙларида яшовчи ногиронлиги бор Насиба Абдусатторова, Дилфуза Халилова, Матлуба Муҳаммадалиевалар байрам совғаларидан мамнун бўлишди. Шунингдек, ўнта хонадонга озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат совға топширилиб, уларнинг қувончига шерик бўлинди.
Депутат Ҳуррият МФЙда жойлашган «Ёрқин келажак» номли 1-сонли оилавий болалар уйини ҳам ўз оталиғига олган. У ҳар галги ташрифида мазкур хонадонга келиб, болалар билан суҳбатлашади. Болалар уйи тарбияланувчилари учун муносиб шарт-шароитлар яратилиши ҳамда уларнинг дам олишлари, таътил вақтида саёҳатлари учун беғараз кўмак беради. Бу сафарги ташрифида ҳам у ўз совғаларини тақдим этди.
Депутатга туман ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи С.Аҳмадалиева ҳамроҳлик қилди.
Мухторжон МЎЙДИНОВ,
туман Кенгаши депутати.

