ОИЛАВИЙ АЖРИМ ВА ЎУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ – ДАВР ТАЛАБИ

Асосий Қонунимиз ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасига кўра, оила жамиятнинг  асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги алоҳида эътироф этилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги «Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарорида судларга оилани мустаҳкамлаш, эр-хотинлар ва улар фарзандларининг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан келиб чиққан ҳолда никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни фуқаролик ишларининг энг муҳим туркумларидан бири деб ҳисоблаш ва бундай ишларни кўришга эътиборни кучайтириш мажбурияти юклатилган.

Ёш оилаларнинг ва вояга етмаган фарзандлари бўлган эр-хотинларнинг никоҳларини мустаҳкамлашга ва уларнинг барқарорлигини сақлаб қолиш масаласида судларнинг зиммасига алоҳида масъулият юклатилган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 40-моддаси талабига асосан, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар судда эр ёки хотиннинг аризасига биноан даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўрилади.

Никохдан ажратиш ҳақидаги ишни кўришда суд эр-хотинни яраштириш ва оилавий вазиятни соғломлаштириш чораларини кўришга мажбур.

Эр-хотинни яраштириш чораларини кўришда суд тарафларнинг ёки улардан бирининг илтимосига ёхуд ўз ташаббусига кўра ишнинг кўрилишини бошқа вақтга қолдиришга ва эр-хотинга ярашишлари учун Оила кодексининг 40-моддасида кўрсатилган доирада, яъни олти ойгача бўлган муҳлат белгилашга ҳақли.

Суд яраштириш учун берилган муддатда, эр-хотинни яраштириш мақсадида ажрим нусхаларини улар яшайдиган ҳудуддаги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига, маҳалла фуқаролар йиғинига муҳокама қилиш ва яраштириш учун юбориши лозим.

Ишнинг кўрилишини бошқа вақтга қолдирилаётган муҳлат эр-хотиннинг ўзаро муносабатларини ва уларнинг яшаб кетиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши лозим.

Оилани сақлаш манфаатида суд иккинчи марта ишни кўришни қолдиришга ва эр-хотиннинг ярашиши учун қонунда кўрсатилган, олти ойгача бўлган муҳлатни белгилашга ҳақли.

Афсуски, жамиятимизда қонунсиз никоҳ асосида турмуш қурган хотин-қизларнинг оиладаги ҳуқуқлари бирмунча чекланганлиги ҳозирда сир эмас. Бундай ҳолатларда хотин-қизлар фарзандларига туғилганлик гувоҳномаларини олиш, уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, турмуш ўртоғининг мулкидан мерос олиш масалаларида бир қатор муаммоларга дуч келмоқдалар. Шунга кўра, хотин-қизлар турмуш қуриш масаласида никоҳни қонуний расмийлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратишлари лозим, деб ҳисоблаймиз.

Шу билан бирга, турмуш қуриш истагини билдирган йигит ва қизларимизга қонуний никоҳни расмийлаштириш жараёнида никоҳ шартномасини тузишларини маслаҳат берамиз.

Чунки никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси, деб ҳисобланади.

Мазкур шартномани тузиш орқали эр-хотин ўзининг мулкий ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлайди. Никоҳ шартномасининг тузилиши никоҳ тугатилгандан кейин ҳам собиқ эр-хотинлар ўртасидаги мулкий муносабатларни тартибга солишда муҳимдир.  Яъни, шартномада мулкий муносабатларга оид қоидаларнинг батафсил акс эттирилиши кейинчалик юзага келадиган мулк билан боғлиқ низолар, келишмовчиликларни судгача, тинч йўл билан ҳал этиш имкониятини яратиб, судлашиб юришнинг олди олинади.

Вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган судлар, ИИБ, адлия бошқармаси ҳамда маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси, бошқа ман-фаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда қабул қилинган «Вилоятда оила муносабатларини мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажратиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда тегишли давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини янада кучайтиришга қара-тилган қўшма қарор», вилоят суди, вилоят Ёшлар ишлари агентлиги, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонунсиз (шаръий) никоҳларнинг олдини олиш борасидаги ишларимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Вилоят суди никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда айнан мана шу тамойилларга асосланган ҳолда ҳамда Наманган вилояти, туман ва шаҳар ҳокимликлари, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимлари ва МФЙ фаолларни билан ҳамкорликда иш юритмоқда.

Б.КАСИМОВ,

вилоят судининг судьяси.