БАЙРАМ МУБОРАК
Аллоҳга беадад ҳамду санолар, шукроналар бўлсинки, биз Ўзбекистон аҳли берилган ҳар бир неъматга шукр қилиб яшамоқдамиз. Шунинг учун ҳам юртимиз тинч, элимиз фаровон, оиламиз обод, фарзандларимиз шоду хуррам. Истиқлол туфайли эришаётган ютуқла-римиз сони кундан-кун ошиб бормоқда. Яқинда мустақиллигимизнинг 32 йиллик тўйи юртимизда кенг нишонланади. Кундан-кунга чирой очаётган Ватанимизнинг номи аллақачон дунё аҳлига маълум бўлиб, жаннатмакон Ўзбекистонимизга ташрифлар кўпаймоқда. «Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз…», деб марҳамат қилинган (Наҳл сураси, 18-оят). Кишининг дунё охирати учун зарур бўлганида барча нарсалар неъмат ҳисобланади. Кечаги мустабид тузумида яшаган инсонлар яхши билади; ўша пайтда Ўзбекистон деган гўзал бир диёрни, ўзбек деган буюк бир халқни ким танирди? Буюк боболаримизни босқинчи авом, илмсиз деб танирдик. Бугун-чи, биз дунё тан олган Ўзбекистондек келажаги буюк давлатнинг соҳибларимиз.»… қасамки (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси, 7-оят.)
Зеро, вақт бизни кутиб турмайди. «Вақт бир қилич, сен уни кесмасанг, у сени кесади», -дейди ҳакимларимиз. Шундай экан, ҳар биримиз ватан равнақи учун огоҳ ва ҳушёр бўлмоғимиз лозим. Бу диёрда кимки ватанга, эл-юртга, динга хизмат қиладиган бўлса, қадри ошади, улуғланади.
Ўлчаб берилган умрни яхши, солиҳ амаллар билан ўтказиш ҳар биримизга насиб бўлсин.
Замирахон ЮНУСОВА,
Тепасарой МФЙ отинойиси.

