ДАРОМАДНИ ЯШИРГАН ОЛҒИРЛАР

Учқўрғонлик С.У. ва И.Т. яқин таниш бўлганлари учун ҳамкорликда яхши ниятлар билан иш бошлашга киришади. Уларга туманимиздаги фермер хўжалиги ишини юритиш ишониб топширилди.

Бугун юртимизда ишбилармон ва тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар эшиги икки дўст учун  ҳам катта очиқ эди. Фақат амалдаги қонунчиликка бўйсиниб, иш олиб боришга келганда улар нўноқлик қилишди. Аниқроғи, нафсга берилишди. Яъни фермер хўжалигида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижга – қўшни Қирғизистонга экспорт қилиб, буни солиқдан яширишга уринишади. 1 589 801 803 сўм кўп миқдордаги фойда солиғини тўлашдан қасддан бўйин товлашади.

Бундан ташқари, улар асос солган МЧЖ томонидан чет эллик ҳамкорлар билан турли маҳсулотларни экспорт қилиш юзасидан келишувга эришилди. Бироқ ушбу шартнома ҳам солиқ органига тақдим этилган ҳисоботда кўрсатилмади. Натижада 1 667 315 200 сўм фойда солиғи яшириб қолинди.

Ушбу жиноий иш ЖИБ туман судида атрофлича кўриб чиқилди. Айбланувчилар С.У. ва И.Т. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жазога тортилди.

Адҳамжон НУРБЕКОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими суриштирувчиси.