ЗИНОДАН САҚЛАНИНГ

Оиланинг бузилишига энг кўп сабаб бўладиган иллатлардан бири – бу зинокорликдир. Аслида никоҳланиш ва оила қуришдан кўзланган энг катта мақсад ҳам зинодан сақланиш. Аммо эрлар ёки аёлларнинг зинога боришлари, ачинарли ҳолат. Чунки зино жамият таназзулига сабаб бўладиган офатдир. Бу разил иллат барча динлар, халқлар, тузумларда энг жирканч иш, ор-номуснинг топталиши ва ифлослик ҳисобланиб келган. Бугунги кунда ана шу иллат кўпайиши натижасида қанчадан-қанча оилалар бузилиб, болалар тирик етимга айланиб қолмоқда. Ачинарлиси шундаки, зино насл-насабнинг бузилишига, оилалар парчаланишига, инсоний ахлоқ ёмонлашувига, турли касалликлар тарқалишига сабаб бўлади.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Қайси қавмда фаҳш ишлар пайдо бўлиб, ҳатто уни ошкора қилишга ўтсалар, у қавмда вабо ва ўтган ота-боболарида бўлмаган касалликлар тарқалади» (Имом ибн Можа ривояти).

Ҳозирги кунда ОИТС деган касалликнинг асл пайдо бўлиш ва тарқалиш сабаби айнан зинокорлик ва фаҳшу мункар ишларга ружу қўйиш, ор-номус, ибо-ҳаё, иффат каби фазилатларни унутиб, разолат йўлига ўтиш эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан, аждодларимиз ҳатто эшитмаган бундай офатдан сақланишимиз учун миллий ва диний қадриятларимизга риоя қилишимиз ҳам муҳим ўрин тутади.

Олимхон ИСОҚОВ,

туман бош имом хатиби.