МУСТАҲКАМ ОИЛА – ЖАМИЯТ ПОЙДЕВОРИ

Оила – жамият асоси, улкан ижтимоий куч ҳисобланади. Унда аждодларимиз мероси, бугунимизнинг ойдин саҳифалари, эртанги кунимиз умиди бор. Биз шу оилада келажагимиз эгалари, миллатимиз ворисларини тарбия қиламиз. Бу мақаддас даргоҳда кечагина бешикни тебратиб, бағримизга босиб, овутганларимиз – фарзандларимиз ўсмоқда. Она Ўзбекистонимизда ҳам оила ҳамиша муқаддас саналган. Оилани қўллаб-қувватлаш ва бола манфаатларини муҳофаза қилишга қаратилган конституциявий нормалар қатор қонун ва қонун ости ҳужжатларда ўз аксини топган.

Оиланинг асосий вазифаси ҳам жамиятга фидойи комил инсонларни етиштириб беришдан иборат. Зеро, соғлом бола соғлом оиланинг мевасидир. Соғлом инсон деганда, фақат жисмоний сиҳат-саломатликни эмас, балки ўзбек халқига хос шарқона одоб-ахлоқ, миллий ғоя ва бағрикенглик, инсонпарварлик каби эзгу ҳис-туйғулар руҳида камол топган маънан етук инсонни тушунишимиз мумкин. Маънавий соғлом инсонлар, аввало, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва халқнинг эртанги куни учун қайғура оладилар. Бевосита оиладаги соғлом муҳит, соғлом мафкура, маънавий соғлом инсоннинг таянч манбаидир, дея оламиз. Жамиятимиз мустаҳкам таянчи бўлмиш оила нафақат эртанги кун шахсларини тарбиялайди, балки Ватан ва жамият учун қайғура олиш қобилиятини ҳам шакллантира олиши шубҳасиздир.

Наргиза САМАТОВА,

туман адлия бўлими ФҲДЁ бўлими 1-тоифали инспектори.