ҚАЙНОНА КЕЛИННИ ЖАННАТГА ЕТАКЛАЙДИ

Бугунги кунда оилаларнинг бузилиб кетиши энг оғриқли нуқта ҳисобланиб, уларни сақлаб қолиш долзарб ва ҳал қилиниши кечиктириб бўлмайдиган энг муҳим масалалардан биридир.

Аксарият ҳолларда ажримларга қайнона-келин ўртасидаги зиддиятлар сабаб бўлмоқда. Кўпроқ бу масалада қайноналарнинг зулмкорлиги ва таъмагирлиги, орзу-ҳавас учун келин томонни камситиб, келинга кун бермаслиги, ўғлини қизғониши каби сабаблар рўкач қилинади. Нима бўлганда ҳам қайнона келинни ўз фарзандидек қабул қилса ва ўзининг ҳам қачондир келин бўлгани ва бугун ёш келин қилган хатоларига қачондир ўзи ҳам йўл қўйганини унутиб қўймаслиги керак.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг оятларида кечиримлиликни энг яхши фазилат сифатида зикр қилган: «Ва агар афв этсангиз, ўтиб юборсангиз ва кечирсангиз бас, албатта, Аллоҳ ўта маҳфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Тоғобун сураси, 14-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Курашда йиқитган паҳлавон эмас, балки ғазаб келган вақтда ўзини идора қила оладиган киши паҳлавондир» (Имом Бухорий ривояти).

Биз қайнона келинни ўз қизидек кўриши керак, деймизу, келинлар ҳам қайнонани ўз онаси ўрнида қабул қилиши кераклигини баъзан унутиб қўямиз. Шу ўринда бир воқеа эсимга тушди. Бир танишим қиз узатаётган эди. Шунда аммажонлардан бири келин бўлмиш қизнинг қулоғига: «Қайнонангни она дема, ойижон де, чунки онанг битта», -деб қўяётганини эшитиб, энсам қотди. «Борган жойингга кўнгил қўй, энди онанг иккита бўлди», дейиш ўрнига ҳозирдан қизнинг қалбига бегоналик ҳиссини солиш тўғримикин?! Шундай «жонкуяр» амма-холалар кам, деб ўйлайсизми?

Қайнона – устоз. У келиннинг билмаганини ўргатиб, эрта саҳар туриш, ҳаммаёқни озода тутиш ризқнинг калити эканлигини таъкидлайди. Ёки бу уйдаги гап-сўзларни кўчага, тўғрироғи, қизлик уйига етказмаслиги ҳақида панд-насиҳат қилади. Бу дегани уни чақимчиликдан қайтаради. Эри ишдан келганда ўзига оро бериб, қовоғини солмаслик, вақтида мазали таом билан сийлаб, ширинсуханлик билан кутиб олиш кераклигини уқтиради.

Энди, азизларим, ўйлаб кўрингчи, қайнона келинни бу ишлардан қайтариш билан бирга динимиз кўрсатган тўғри йўлга солиб, тарбиялаб, жаннатга етакламаяптими?

Бугун қизларимиз тарбиясига янаям масъулият билан ёндашишимиз, керак бўлса, ўқув марказлар қошида ҳам диний, ҳам дунёвий томондан қизларни ҳаётга, оилага тайёрлайдиган курсларни очиш мақсадга мувофиқдир. Чунки синган лаганни ямагандан кўра, синишининг олдини олган маъқулроқ.

Марғуба СИДДИҚОВА,

Қўрғонча МФЙнинг таянч отинойиси.