ИШЛАНМАЙДИГАН ШАНБА, ЯКШАНБА КУНЛАРИГА ҲАМ ТАЪТИЛ ПУЛИ ТЎЛАНАДИМИ?

Маълумки, Меҳнат кодексининг 216-моддаси 1- ва 2-қисмларига кўра, ҳар йилги меҳнат таътили дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ходим ишдан озод этиладиган, ходимга ҳар йили иш йили давомида бериладиган вақт давридир. Барча ходимлар, шу жумладан, ўриндошлик асосида ишлайдиган ходимлар ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга.

Кодекснинг 233-моддаси 1-қисмига кўра, ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун ходимга ушбу кодекснинг 257-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган ўртача иш ҳақининг сақланиши кафолатланади, деб кўрсатилган. Ушбу моддалардан шуни тушуниш мумкин-ки, ходим ўзига берилган ҳар бир таътил кунидан ўз меҳнат қобилиятини тиклаш учун фойдаланади.

Шунингдек, кодекснинг 221-моддаси 1- ва 2-қисмларига асосан ходимларнинг ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилларининг давомийлиги календарь кунларда ҳисоблаб чиқарилади. Ҳар йилги меҳнат таътили даврига тўғри келадиган ишланмайдиган байрам кунлари меҳнат таътилларининг давомийлигини белгилашда ҳисобга олинмайди. Шунга кўра, ҳар йилги меҳнат таътиллари давомийлиги календарь кунлари бўйича ҳисоблагани учун бунга дам олиш кунлари сифатида шанба, якшанба кунлари ҳам, бошқа ишланмайдиган кунлар ҳам (байрам кунларидан ташқари) киради. Айнан шу сабабли ҳам таътил пуллари ходимга бериладиган ҳар бир таътил куни учун ҳисобланади ва тўланади.

Отабек РАҲМОНЖОНОВ,

Янги Наманган тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази юрисконсульти.