МУАЗЗАМНИНГ МУВАФФАҚИЯТИ

Яқинда «Заковат» интеллектуал ўйинининг хотин-қизлар  жамоалари ўртасидаги баҳслари республика босқичи якунига етди. Тошкент шаҳрида ташкил этилган билимдон аёллар беллашувининг сўнгги босқичида сараланган 52 жамоа орасида вилоятимиз вакилалари кучли ўнталикдан жой олишди. Қувонарлиси, ушбу таркибда ҳамюртимиз Муаззам Отахонова ҳам фаол иштирок этди.

Муаззам Ўнҳаят фарзанди. Болаликдан илмга чанқоқ қиз 29-мактабни имтиёзли шаҳодатнома билан битириб, аввал Наманган тиббиёт коллежи, кейинчалик Наманган Давлат университетини юқори рейтинг кўрсаткичлари билан тамомлади. Ҳозирда ўзининг жонажон мактабида биология фанидан ёшларга сабоқ бермоқда, бир вақтнинг ўзида магистратура талабаси.

Айтиш жоизки, Муаззам билимдонлар  беллашувининг вилоятдаги ўз йўналиши ва услубига эга қатнашчиларидан. «Револьвер» жамоасининг мунтазам аъзоси. Жорий йилги қишки мавсум баҳсларида «Револьвер»нинг фахрли 2- ўрин ҳамда 7 млн. сўм пул мукофотини қўлга киритишида М.Отахонованинг муносиб улуши бор.

Энг яхши тарбия бу шахсий намуна, деб бежиз айтилмаган. Муаззамнинг илм олишга бўлган ташналиги ота-онадан. Аҳмадали ака ва Раънохон опа оиласида фарзандлар билим олиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берибгина қолмай, ўзлари ҳам тинимсиз китоб мутолаасини канда қилишмайди. Кенжа фарзандлари Муаззамнинг бугунги ютуқларидан қалблари фахру ифтихорга тўла ота-онанинг қувончларига биз ҳам шерикмиз. Ёш билимдон ҳамюртимизнинг келгуси фаолиятида омадлар тилаймиз.

Абдулҳаким НИШОНОВ.