ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ
Юртимиз тараққиётнинг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат» ғояси йўлидан дадил бормоқда. Мазкур ғояни амалга оширишда жамоатчилик назоратининг ўрни беқиёсдир. Хўш, жамоатчилик назоратининг мақсади нима?
Жамоатчилик назорати бу халқнинг сиёсий ҳокимият устидан том маънодаги назорати ҳисобланади. Халқ назорати қанча кучли бўлса, жамият муаммоларига ҳам тез ечим топилади. Яъни жамоатчилик назорати жамият ҳаётидаги энг долзарб муаммоларни, ҳалқни ўйлантираётган, ташвишга солаётган камчиликларни ҳал этишда, давлат ҳокимияти органларининг самарали фаолият юритишини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев: «Бугунги кунга қадар давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг аниқ ҳуқуқий механизмлари яратилмаган. Бу эса нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятини холисона баҳолашга халақит бермоқда,» дея таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат, юртимизда жамоатчилик назорати институти узоқ тарихий илдизларга эга. У асрлар давомида оқсоқоллар Кенгаши кўринишида намоён бўлиб келган. Тарихдан бу институт уруш ва тинчлик масалалари, низоларни шарқона оғир-босиқлик билан ҳал қилиш учун ташкил топган. Кейинчалик Кенгашлар маҳаллаларда ҳашар, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ёрдамга муҳтожларнинг муаммоларини биргаликда ҳал этиш, ўзи ва ўзгаларга эътиборли бўлиш, фарзандлар тарбиясига лоқайд бўлмаслик ва бошқа жамоат ишлари билан ҳам шуғулланадиган жамоатчилик тузилмаси ҳисобланган.
Янгиланаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган шаффофликка асосланган янги ислоҳотлар самараси туфайли жамиятимизда жамоатчилик назоратининг таъсир доираси ҳам сезиларли равишда кучаймоқда. «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонун давлат ва жамият бошқарувида жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан ва амалий механизмларини жорий этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бундан кўзланган мақсад фуқаро – жамоат ташкилотлари – давлат бирлигини мустаҳкамлаш орқали халқнинг ҳокимиятдан, ҳокимиятнинг халқдан узоқлашишининг олдини олишдир.
Хулоса қиладиган бўлсак, жамоатчилик назоратининг мавжудлиги сиёсий ҳокимиятнинг том маънода халқ қўлида бўлишининг кўрсаткичи ҳисобланади. Дарҳақиқат, янги Ўзбекистон ҳаётига доир ҳар бир қарор халқ билан маслаҳатлашиб, бевосита мулоқот асосида қабул қилинмоқда. Ҳозир «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган ғоя натижалари фаолиятимиз мезонига айланмоқда.
Абдимуталли НАЖМИДДИНОВ,
туман «Нуронийлар кенгаши» аъзоси, Боғ МФЙ кексалар масалаҳат гуруҳи раиси.

