САБР-ҚАНОАТ – ОЛИЙ ФАЗИЛАТ

Сабр-қаноат – инсоний фазилатларнинг энг олийсидир. Бундай хислатга эга бўлган киши бахиллик, ҳасад, кўра олмаслик каби иллатлардан ҳоли бўлади. Пайғамбаримиз САВ ҳадиси муборакларида: «Ҳақиқий бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас, балки нафснинг тўқлигидадир», -деб айтдилар. Имом Муслим ривоят қилган бошқа ҳадисда: «Эҳтиёжидан ортмайдиган ризққа эга бўлиб, Аллоҳ берган ана шу ризққа қаноат қилиб яшаган мусулмон киши нажот топибди», -деб марҳамат қилдилар.

Дарҳақиқат, қаноатли киши тақдирига ёзилган ризқига рози бўлиб, ҳар қанча ҳаракат қилганда ҳам фақат Аллоҳ белгилаб қўйган ризққагина эга бўлишини англаб етган бўлади. Натижада ортиқча мол-дунёга ҳирс қўймай, шукур  қилиб яшайди.

Расули Акрам пайғамбаримизга яратган роббимиз илҳом этган ҳадиси қуддусийда шундай деб марҳамат қилдилар: «Эй одам фарзанди! Сенга тақсимлаб берган ризқингга қаноат қилсанг, мени ҳузуримда севилганлардан бўласан ва агар берганимга қаноат қилмасанг, дунёни сени устингга султон ва сени унга хизматкор қиламан. Дунё учун чўлдаги ваҳший ҳайвон каби югурасан, аммо сенга тақсимлаб қўйган ризқимдан ортиғи келмайди ва ўзинг мени олдимда хижолат бўлиб, гуноҳкор бўласан».

Пайғамбаримиз охиратни ихтиёр этганлар ва борига қаноат қилиб, барча муслима аёлларга ўрнак бўлиб ҳаёт кечирганлар. Демак, аёллар ўз эрларидан, фарзандлар эса ота-оналаридан уларни тоқатлари етмайдиган нарсани талаб қилмасликлари, балки шукр ва сабру қаноат билан ҳаёт кечиришлари даркор. Ўтган улуғ зотларнинг солиҳа аёллари ва қаноатли фарзандлари оталари рўзғор ташвиши билан кўчага чиқиб кетаётганларида: «Биз ҳар қандай қийинчиликка, ҳатто очликка ҳам чидаймиз, аммо дўзах азобига бардош бера олмаймиз. Шунинг учун уйга ҳаром ризқ олиб келманг!» -дейишар экан.

Яратган Роббимиз барчаларимизни сабр-қаноатли бандаларидан қилиб, икки дунё саодатидан баҳраманд айласин.

Олимхон ИСОҚОВ,

туман бош имом хатиби.