СИФАТСИЗ ДОРИЛАР КИРИТИЛИШИГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ

Кейинги йилларда ноқонуний йўллар билан сифатсиз дори воситаларини мамлакатимиз ҳудудида олиб киришга уриниш ҳолатлари, минг афсуски, учраб турибди. Бу, аввало, халқимиз саломатлигига жиддий хавф туғдиради.

Судланувчи А.А. шериклари Б.Қ., О.Р., Ғ.А., А.А., А.М., А.К. ва қисми алоҳида иш юритувга ажратилган шахслар билан олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, жиноятга қўл уришади.  2024 йил 3 май куни соат 23:30 ларда Янгиҳаёт МФЙ ҳудудидаги ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг сим тўсиғидан чегара нарядлари узоқлашган вақтда А.А. бошқарувидаги «Жигули» русумли ҳамда «Дамас» русумли  автомашиналарида давлат чегара сим тўсиғи олдига келиб, қисми алоҳида иш юритувга ажратилган қирғизистонлик шахслар билан бирга, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиш, ташиш ва тиббиёт амалиётида қўллаш тақиқланган, 30 турдаги 1 186 219 479 сўмлик жуда кўп миқдордаги дори воситаларини давлат чегарасининг сим тўсиғи орқали ўтказиб, ушбу дори воситаларини қабул қилиб олиб, ўз бошқарувидаги транспорт воситаларига юклаб, чегара ҳудуди бўйлаб  ташиб кетаётган вақтларида чегара ҳарбий хизматчилари томонидан ушланган.

Ўрганилганда вақтинча сақловга олинган 30 турдаги дори воситалари давлат рўйхатидан ўтмаганлиги, мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмаганлиги ва сақлаш шароитларига амал қилинмаганлиги маълум бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судининг очиқ суд мажлисида ушбу жиноят иши кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг  454-457, 462, 463, 465-468, 471-473-моддаларига асосан бу жиноятни содир этган шахсларга 3 йилдан 5 йил муддатгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Ш.ОРЗИҒОФУРОВ,

«Янгиқўрғон» чегара хизмати ҳарбий хизматчиси.