СУД ҲОКИМИЯТИ НИМА?

Давлатчиликнинг ҳар қайси босқичида суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг бир бўлаги сифатида мавжуд бўлган. Барча идеал кўринишдаги давлатда суд ҳокимияти қонунни ҳимоя қилган. Қадимги юнон файласуфи Афлотун: «Судлар етарли даражада тузилмаган ҳар қандай давлат ўзининг давлатчилигини йўқотади», деб бежиз айтмаган.

«Темур тузуклари»га кўра, Амир Темур давлатда адолат ўрнатиш тарафдори бўлган. Шу боис ҳар бир шаҳар ва вилоятда қози-судьялар ва муфтийлар аризачиларни қабул қилиб, суд ва судлов ишларини олиб борган.

Демократик ҳуқуқий давлат тизимида нечта ҳокимият бўлиши кераклиги бўйича ҳеч қайси таълимотда аниқ бир жавоб йўқ. Кўпчилик шундай ҳокимиятлар учта: қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти бўлиши керак, деган фикрни қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг давлатчилик пойдеворини барпо этиш, демократик ҳуқуқий давлат қуриш йўлида 1992 йилда ўзининг Конституциясини қабул қилди ва ушбу Конституцияда ҳокимиятлар бўлинишининг юқорида тилга олинган учта тармоғи ҳамда уларнинг бўлиниши акс этган эди. Ҳозирги кунда янги таҳрирдаги (2023 йил 30 апрель кунги умумхалқ референдумида қабул қилинган) Конституциянинг XXIII боби суд  ҳокимияти деб номланган. Мазкур боб 130-140-моддаларида Ўзбекистон Республикасида судлар фаолияти асослари белгиланган.

Суд ҳокимияти – ҳокимиятлар бўлиниши қоидасига кўра, давлат ҳокимиятининг алоҳида ва мустақил (қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар билан бир қатордаги) тармоғи.

У ўзида одил судловни амалга ошириш ваколатлари, яъни жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва конституциявий иш(низо)ларни процессуал, қонун билан белгиланган тартибда кўриб чиқиш ваколатлари йиғиндисини, шунингдек, ҳуқуқ нормаларини изоҳлаш ваколатларини, қонун ижодкорлиги ваколатлари ва бошқа ваколатларни амалга оширувчи давлат органлари тизимини мужассамлаштиради.

Ҳозирги замон демократик давлатларида суд ҳокимиятининг асосий ваколатлари турли тоифадаги судлар зиммасига юкланади.

Хулоса қилиб айтганда, суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

Акрамжон  ДЕҲҚОНОВ,

туман адлия бўлими юридик марказ бошлиғи, 3-даражали адлия маслаҳатчиси.