ТАЛАБАЛАРГА ТАЪЛИМ КРЕДИТИ АЖРАТИШ ТАРТИБИ ҲАҚИДА ХАБАРДОРМИСИЗ?

2021 йил 18 августдаги 527-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан тижорат банклари орқали олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитларини ажратиш тартиби тўғрисида»ги Низом қабул қилинди. Мазкур Низомга кўра таълим кредитларини бериш тижорат банклари томонидан уларнинг қайтарилиши, тўловлилиги, муддатлилиги ва улардан мақсадли фойдаланиш шартлари асосида белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилади.

Таълим кредитлари тижорат банклари томонидан олий таълим ташкилотларининг кундузги таълим шаклида бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислигига тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган ёки қабул қилинган, шунингдек ўқишини кўчирган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларга берилади. Бунда кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри ёки хотини) ёки васийлари таълим кредити шартномасида биргаликда кредит олувчи сифатида қатнашишлари мумкин бўлади.

Таълим кредитининг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади.

Таълим кредитини олувчи таълим кредитини олиш учун Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинган тижорат банкларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) таълим кредити олиш тўғрисидаги ариза;

б) талаба ва олий таълим ташкилоти ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида белгиланган тартибда расмийлаш-тирилган шартнома (контракт) ва унга илова қилинадиган ҳисоб варақасиғфактураси (мавжуд бўлганда). Шартнома (контракт)да ўқишни тамомлашнинг белгиланган муддати ва бир йил учун тўлов миқдори кўрсатилган бўлиши лозим;

в) банкнинг кредит сиёсати ва ички тартибига мувофиқ таълим кредити қайтарилишининг таъминоти бўйича ҳужжат. Бунда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га кирган оилаларнинг фарзандларига ажратиладиган таълим кредити бўйича гаров ва кафиллик талаб этилмайди;

г) «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилганлигини тасдиқловчи маълумотнома («Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оилалар фарзандлари учун);

д) банкнинг ички ҳужжатларида (сиёсатида) белгиланган бошқа ҳужжатлар, шу жумладан, биргаликда кредит олувчига тегишли маълумот ва ҳужжатлар.

Тижорат банклари кредит олувчи томонидан таълим кредити беришни сўраб банкка тақдим қилинган ариза ва унга илова қилинган барча ҳужжатларни беш иш куни мобайнида кўриб чиқиши ва таълим кредити шартномасини имзолаши ёки кредит беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, аризачига кредит беришнинг рад этилиши сабаби кўрсатилган ҳолда жавоб хати бериши лозим.

Отабек РАҲМОНЖОНОВ,

Янги Наманган тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти.