ТИЛ ФИДОЙИЛАРИ, ҚАЕРДАСИЗ?

Бугун она тилимизни бойитиш, атамалар устида ишлаш, чет тилларидан кирган сўз ва терминларга муносиб ўзбек сўзларини топиш устида ғайрат ва жонбозлик ҳали етарли даражада эмас. Тилшунос олимларимиз, таржимонларимиз, айниқса, ижодкорлар олдида улкан вазифалар мавжуд.Тилимизнинг Навоий замонидаги қудратини тиклаш, бадиий, илмий, расмий тил бойлиги учун астойдил жон койитишимиз керак. Тилимизни чинакам давлат тилига айлантириш ҳаммамизнинг шарафли вазифамиздир.

Улуғ шоиримиз Эркин Воҳидов айтганидек: «Она тили – умуммиллат мулки. Демак, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий бўлиб, бу ёлғиз тилшуносларнинг эмас, бутун миллатнинг иши» эканини доимо ёдда тутишимиз лозим.

Тил байрами ҳам фақат мактаб ва расмий идораларда эмас, кўчаларда байрам қилинса яхши бўларди (бу менинг шахсий фикрим).

Бир куни туман марказидан пиёда кетдим. Кўпчилиги ўзбеклар яшайдиган туманда йўл- йўлакай ранг-баранг ёзувлар тизими бошланди:

-«Мой сам, Сантехника, Оргтехника, Знайка, Умничка, Аптека, Техосморт, мы открылись».

Сўнг йиғлаб юбормаслик учун пиёдалар йўлагидан ўтсам, инглизча ёзилган «Барбершоп»лар ёрқин нур сочади, яна бир нималарни ёзишганки, тилинг қийшаяди…

Дўконлар эшигида «OPEN» ёзувли пешлавҳа. Шуми тилга бўлган ҳурмат…

Тумандан чиқиб, шаҳар томонга йўл олсам, йўлнинг икки томони рус ва инглизча номланган минг хил ёзувли пешлавҳалар билан тўла. Шуми тилга бўлган ҳурмат… Энг аянчлиси, русча сўзни лотин ёзувида ёзиб қўйишлари… Имло хатолари ғиж-ғиж… Фирмалар, дўконлар номини ким ўйлаб топади, корхонасига қўяётган номнинг таржимасини, маъносини ҳам нима эканлигини  билмайди.

Бир сартарошхонага «BARBER SATANA» (Сартарош Шайтон), яна бирига «DIABLO» (Иблис) деб катта қилиб ёзиб қўйибди, бунисига нима дейсиз?

Кимдир борми, буни текшириб, э бунақа бўлмайди дейдиган. Йўқ, фақат мактабда, боғчада, кутубхонада, маданият саройида бир кун байрам бўлади, мумтоз қўшиқлар куйланади.

Мен олий маълумотлиман, тил бўйича мутахассисман, лекин кўчада ўз ўрнига эга бўлмаган Тилим учун йиғлагим келади…

Ўзбек тилини ўзимиз ҳурмат қилмас эканмиз, бошқа миллат келиб, бизга ўргатиб кетмайди… Абдулла Орипов айтганидек, «Тўтиқуш бўлиб қолишдан» Аллоҳ асрасин…

Расул Ҳамзатов бир асарида шундай эслайди:

Аварлар қишлоғида бир йигит Францияга ўқишга кетиб, ўша ерда қолиб кетади. Бошқа бир ҳамқишлоғи Францияга бориб келгач, йигитнинг онаси ўғли ҳақида сўрашга шошилади:

– Ўғлим билан кўришдингизми?

– Ҳа, кўришдим.

– Ўғлим сиз билан қайси тилда гаплашди: авар тилидами ёки француз?

– Француз тилида.

– Унда у менинг ўғлим эмас!

Бу йил ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 35 йил тўлди.

Ўзлигимизнинг асосий белгиси бўлган ўзбек тилининг умри боқий бўлсин!!!

Гулноза БОҚИЕВА,

27-мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.