ХАЛҚЧИЛ ДЕМОКРАТИК ИНСТИТУТ
Халқ қабулхоналари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда уларга энг яқин бўлган ҳақиқий халқчил демократик институт ҳисобланади. Шу боис ҳар бир жисмоний ва юридик шахс мурожаати Халқ қабулхоналари томонидан ҳар томонлама чуқур таҳлил этилган ҳолда ўрганиб чиқилмоқда. Зарурат вужудга келганда эса мурожаатлар ўз ўрнида бошқа тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда ҳал этилмоқда. Бироқ мавжуд амалиёт ва таҳлиллар шуни кўрсатадики, муаммолар ўз вақтида, жойида ҳал қилинмаганлиги, фуқаролар муро-жаати қаноатлантирилмагани, пайсалга солиб келингани, раҳбар-ходимларнинг масъулиятсизлиги ва давлат ташкилоти вакилларига фуқаролар ишончсизлиги сабаб Халқ қабулхоналарига мурожаат қилинаётганлигини ҳам кўрсатмоқда.
Халқ қабулхоналари томонидан мурожаатлар ўрганилганда, энг аввало, мурожаатни юзага келтираётган омиллар, сабаблар ва шарт-шароитлар тўлиқ ўрганилади. Бу эса ўз навбатида, биринчидан, такрорий мурожаатларнинг олдини олса, иккинчидан, бир турдаги мурожаатларни ҳал қилиш амалиёти самарадорлигини ошириш имконини беради. Чунки камчилик ва муаммо бор жойда ҳеч қачон ўсиш, ривожланиш ва тараққиёт бўлмайди.
Энг аввало, ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарлари фаолияти ҳамда уларнинг мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан ҳисоботини танқидий муҳокама этиш, ҳудудларда мурожаатлар билан ишлаш аҳволи, сайёр шахсий ва оммавий қабуллар ўтказиш тизими ва уни қай даражада самарали ташкил этиш даражаси ва натижаси каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Давлат бошқарувининг самарадорлиги давлат хизмати лавозимларини эгаллаган шахсларнинг ўзларига юклатилган вазифа-ларини малакали, виждонан ва холис бажаришларига бевосита боғлиқдир. Айрим ҳолатларда баъзи бир маҳаллий даражадаги раҳбар кадрлар ҳали-ҳануз эскича бошқарув усуллари ва ёндашувлардан воз кеча олмаяпти. Шунинг учун ижро органлари раҳбарлари ишига баҳо беришда келиб тушган мурожаатларнинг ҳал этиш даражасини инобатга олиш амалиёти йўлга қўйилган.
А.АСРОЛОВ,
туман Халқ қабулхонаси мудири.

