ЎЗ КАСБИДАН ФАХРЛАНИШ ТУЙҒУСИ

Шу йилнинг май ойи бошларида ўнг оёғимдан жароҳат олиб, туман касалхонасининг жарроҳлик бўлимига тушиб қолдим. Дастлаб жарроҳ Баҳодир Холматов амалиёт ўтказди. 14 кундан сўнг вилоят касалхонасининг жарроҳлик бўлимида 5 кун даволандим. Кейин уйдан қатнаб даволана бошладим.

Шу кунларнинг бирида ёш шифокор Исломбек Каримов жароҳатни кўриб, яна қайта касалхонага ётқизиш ва амалиёт ўтказиш зарурлигини айтди. Мен нима бўлса ҳам тузалиш умидида бунга рози бўлдим. 3-4 кундан сўнг Исломбекнинг катта устози, вилоят касалхонаси жарроҳлик бўлими бошлиғи Баҳромжон Убайдуллаев бошчилигида қайта жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бу сафаргиси аввалгидан ҳам оғирроқ ва даволаниш муддати узоқроқ давом этиши мумкин эди. Амалиёт яхши ўтди. Кун сайин оғир кунлар ортда қолиб, дард ҳам чекина бошлади. 3 ойдан ҳам кўпроқ давом этган даволаниш жараёнида деярли ҳар куни Исломбекнинг назоратида  бўлдим.

Бўлимда қайта-қайта даволанар эканман, жарроҳлик бўлимидаги озодалик ва аҳилликка ҳавас қилсангиз арзийди. Ўз касбининг усталари Муяссархон Исмоилова, Махпорахон Дадабоева, Марҳабохон Камолова, техник ходимлардан Зарифахон Қамбарова, Раънохон Қодироваларнинг ўз касбига масъулияти, беморларга хушмуомалалиги таҳсинга сазовор.

Исломбек Каримов деярли ҳар битта жарроҳлик амалиётида иштирок этади. Унинг ўз касбига бўлган қизиқиши, билимга чанқоқлиги, устозларини чексиз ҳурмат қилиши, улар изидан боришга ҳаракати, энг муҳими, беморларга хушмуомалалиги мақтовга лойиқ.

-Бизда жарроҳлар, травматологлар етишмайди. Янги ўқишни битириб келаётган йигитлар осон соҳани эмас, аксинча, эркакларга хос қийин соҳаларни танлашлари, етук малакали ва тажрибали шифокор устозларимиз Бахтиёр Мамажонов, Муҳаммаджон Қурбонбоев, Исмоил Худойбердиев, Баҳодир Холматов, Абдурашид Бегалиевлардан вақтида касб сирларни ўрганишлари керак, -дейди Исломбек куюниб. -Бобо ва бувилар, ота-оналарнинг дуоси бизни доимо қўллаб-қувватлайди, -дейди у оиласи билан фахрланиб.

Исломбекнинг аввало Аллоҳдан умиди, қолаверса, ўзига ишончи, ўз устида тинмай ишлаши, касбига муҳаббати, билими ва тажрибаси, ширинсўзлиги туфайли мен оёққа турдим ва энг муҳими, ўзим юра бошладим. Менга юришдек бахт ҳадя  этган меҳрибон Аллоҳимга шукурлар айтгим, ёш бўлса ҳам ўз касбининг фидойиси, халоскорим  Исломбек Каримовга чексиз миннатдорлик туйғуларимни йўллагим келди.

Исломбек, ўғлим, эл-юрт хизматидан чарчаманг, обрў ва мартабангиз бундан-да улуғ бўлсин. Сизни дунёга келтириб, тарбиялаган, ўқитиб, эл хизматига чорлаган ота-онангизнинг умрлари зиёда бўлсин.

Зоҳидахон АҲМАДЖОНОВА.