БАХТИ БЕКАМ ИНСОН

Дунёда касблар кўп. Ким қайси касбни эгаллашидан қатъи назар, у фидойи, билимли, тажрибали ва маҳоратли бўлмас экан, элда ҳурмат, эъзоз топа олмайди. Уйчи туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Валижон Болтабоевда биз айтган сифатларнинг барчаси мужассам. Яна эътиборли жиҳати, камтаринлик, самимийлик, меҳрибонлик ва талабчанлик бор.

Валижон акани кўпдан бери биламан. Салоҳиятли раҳбар сифатида жамоасида ҳам, туманда ҳам, вилоятда ҳам ўз ўрнига эга. Айтилган топшириққа масъулият билан ёндашади ва бирор марта танбеҳ эшитганини билмайман. Шу боис унга доим ишонч билдирилади.

Қаҳрамонимиз  чинакам бахтли инсон. Туманда ҳамма ҳурмат қиладиган Мастурахон ая (умрлари узоқ бўлсин) ва  Отахон Болтабоев(охиратлари обод бўлсин)лар оиласида туғилган. Оилада 3 ўғил ва 4 қизнинг барчаси олий маълумотли бўлиб, эл хизматида. Валижон аканинг бу соҳага кириб келиши ҳам қизиқ бўлган экан.

-Мен инглиз тили ўқитувчиси бўлишни орзу қилардим, -дея гап бошлади Валижон ака. -Болалик пайтимда уйимизда сигиримиз болалади. Унинг ёнига кўчадан бир дайди кучук келиб қолибди. Уни ташқарига чиқариб юбордик. Бир-икки кундан кейин сигиримиз касалланиб қолди. Докторга мурожаат қилсак, турли гумонлар билан сигирниям, бузоқчаниям дарров кўмиб, эҳтиёт чорасини қўллашди. Кейин билсак, ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ экан. Қайсидир илмсиз кишини деб, оиламиз билан шу ҳолга тушдик. Бу менга қаттиқ таъсир қилган.

Йиллар ўтиб, Валижон ака Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида таҳсил олди. 1986 йили ветеринария врачи мутахассислиги бўйича дипломни  олиб, тўғри туманда ягона бўлган бройлер паррандачилик фабрикасига ишга келди. 1993 йилдан бошлаб Ўнҳаятдаги ветеринария шифохонаси врачи, туман давлат ветеринария бўлимида бош ветеринария врачи, ўринбосар, 1998 йилдан бошлаб эса раҳбар вазифасида фаолият кўрсатмоқда.

Қуйидаги рақамларга эътибор қилинг. Туманда 1998 йилда 16 минг бош қорамол бўлган бўлса, ҳозирда 60 минг бош қорамол мавжуд. Аҳоли жон бошига 24 донадан тухум тўғри келган бўлса, ҳозирга келиб бу 379 донага етди. 1 миллион 200 минг бош парранда парваришланмоқда. «Уйчи парранда» МЧЖ сафига яна 5 та паррандачилик фермер хўжалиги қўшилди. Айни вақтда аҳолининг гўшт, сут, тухумга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилмоқда. Бу каби иқтисодий кўрсаткичлар ўз-ўзидан бўлмаган, албатта. Омилкорлик, илм ва тажриба, маҳорат Валижон Болтабоев бошчилигидаги аҳил жамоа, соҳа масъулларининг машаққатли меҳнатлари самарасидир.

Валижон ака Ўктамжон Ғофуров, Ҳабибулло Тўрабоев, Олимжон Усмонов, Носиржон Дадахонов, Абдураҳмон Раҳимов, Мирзаолим Холбоев, Ваҳобжон Мирзаев каби устозлари ва ҳамкасблари номини доимо ҳурмат билан тилга олади. Бугун ўзи устоз даражасида. Ўнлаб шогирди бор. Тўрт нафари олий маълумотли ҳам бўлди. Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги Уйчи туман давлат маркази директори Абдумалик Отахонов, туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимида бўлим бошлиғи Раҳматилла Абдулматов, бўлим шифокори Муроджон Ҳамдамов бугун устозлари билан бир сафда.

Оиладаги бахт чинакам бахт. Валижон ака умр йўлдоши Муқаддасхон билан икки ўғил, бир қизни вояга етказишди. Элмурод – шифокор, Муҳаббат – ҳамшира, Дилмурод – талаба.

Шу кунларда ўзининг қутлуғ олтмиш ёшини қарши олаётган Валижон Болтабоевни ҳозиргидек шижоат, фидойилик асло тарк этмаслигини тилаб қоламиз.

Муҳаммадали ҚАМБАРОВ,

«Уйчинома» газетаси муҳаррири.